Байден Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши ҳақидаги протоколларни имзолади

Имзолаш маросими Оқ уйда бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбаридан ташқари вице-президент Камала Харрис ҳам иштирок этди.

"Мен қолган иттифоқчиларни ўз ратификация тартибларини имкон қадар тезроқ якунлашга чақираман. Швеция ва Финландияда кучли демократик институтлар, кучли армия, кучли ва шаффоф иқтисодиёт мавжуд. Улар НАТОга аъзо бўлиш учун барча мезонларга жавоб беради. Ишончимиз комилки, улар бу жараёнда америкаликлар хавфсизлигини оширувчи иттифоқни мустаҳкамлайди”, деди Оқ уй раҳбари.

Қўшма Штатлар шимолий мамлакатларнинг иттифоққа киришини ратификация қилган 30 та давлатдан 23-си бўлди. Сешанба куни ҳолатида Испания, Греция, Португалия, Словакия, Туркия, Чехия ва Венгрия аризани ратификация қилмаган.

18 май куни Финландия ва Швеция НАТО котибиятига альянсга кириш учун ариза топширди. Анқара дастлаб уларни кўриб чиқиш жараёни бошланишига тўсқинлик қилди, бироқ 29 июнь куни Туркия, Швеция ва Финландия расмийлари барча хавотирларини инобатга олган хавфсизлик меморандумини имзолашди.

Аввалроқ АҚШ Сенати Швеция ва Финландиянинг НАТОга киришини маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди.