Байден Россияни Украина масаласида яна бир бор қатъий огоҳлантирди

АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия Президенти Владимир Путиннинг видео мулоқоти бутун жаҳон диққат марказида бўлиб турибди, деб ёзади bbc.

Мулоқот давомида Байден мабодо Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ Россияга нисбатан "кучли иқтисодий ва бошқа чоралар кўришга тайёрланаётгани"ни айтган.

Президент Байден Украина чегарасига яқин ҳудудда Россия ҳарбий кучлари тўпланганидан хавотир билдирган, тарангликни юмшатишга чақирган. Россия эса ҳужум қилмаслигини айтган.

Президент Путин Украинани провокацияда айблаган ва НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги ва Россияга яқин жойга қурол-яроғ жойлаштирилмаслигига кафолат олишини исташини айтди.

Ҳозирги вақтда Украина чегарасига яқин ҳудудда 90000 дан ортиқ Россия аскарлари тўпланган деб ишонилади. Бу нарса аллақачон таранг бўлган Россия билан АҚШ ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштирди.
Президентлар Байден ва Путиннинг видеоанжуманидан кейин гапирган Америка президентининг Миллий Хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан айтишича, Байден маъмурияти агар талаб қилинса, махсус қаттиқ чоралар кўришга тайёрланган.

Булар иқтисодий санкциялар ва НАТО қўшинларини минтақага жойлаштириш ва Украинага мудофаа мақсадидаги техника етказиб бериш сингари қўшимча чораларни назарда тутган.

Жаноб Салливан қандай иқтисодий санкциялар қўлланиши мумкинлиги масаласига ойдинлик киритмаган. Бироқ унинг сўзларига кўра, АҚШ ва иттифоқчилари Россиядан Германияга тортилган, лекин ҳали ишга тушмаган "Шимолий Оқим 2" газ қувури устида бош қотирганлар.
"Агар Владимир Путин бу қувурдан газ оқишини истаса, Украинага бостириб киришни истамайди", деб айтди Жейк Салливан журналистларга.

Бундан олдин АҚШ расмийлари Германияда агар Россия Украинага бостириб кирса "Шимолий Оқим 2"ни ёпиш борасида келишувга эришганлари хабар қилинган эди.

Хабарларга кўра, Россия банкларининг рублни бошқа хорижий валюталарга конвертация қилишларига чеклов киритиш ёки ҳатто Россияни Swift глобал молия тўлови тизимидан узиб қўйиш каби жазо чоралари ўйлаб кўрилган.

"Биз 2014 йилда қилмаган ишларни энди қилишга тайёрландик", деб айтган АҚШ президентининг Миллий Хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 2014 йилдаги Россиянинг Қримни аннексия қилганини назарда тутиб.

Салливан сўзларига кўра, "Қўшма Штатлар бу масалалар бўйича қандай мавқеъда турганини Президент Байден аниқ-тиниқ қилиб кўрсатган".

Бу орада Россиядаги lenta.ru нашрида АҚШнинг мақсади Украинани ривожлантириш эмас, балки Россия томонидан СССРнинг тикланишини олдини олиш экани ҳақда ёзмоқда:

“Род-Айленд университетининг сиёсатшунослик профессори Николай Петро The National Interest журналида чоп этилган мақоласида АҚШнинг Украинага нисбатан сиёсатидаги асосий муаммони айтди. Унинг фикрича, бу Вашингтонни Украина ривожланиши учун эмас, балки ундан Россияни “тийиб туриш” учун фойдаланишдан манфаатдор эканлигидандир.
Петронинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар "СССРнинг қайта тикланишига йўл қўймаслик" учун Украина мустақиллигини сақлаб қолишга интилади, аммо АҚШ расмийлари ва ОАВ ҳозирги Украина жамиятининг кўплаб ёмон томонларини, масалан этник миллатчилик ортаётганини эътиборсиз қолдиради. Унинг сўзларига кўра, америкалик элита Украина жамиятининг маданий плюрализми ва минтақавий хилма-хиллигига бефарқлик ва ҳатто душманлик кўрсата бошлаган” дейилади lenta.ru хабарида.