Байден ва Трамп Капитолийга ҳужум қилинганининг бир йиллиги муносабати билан гиналашиб олишди

АҚШ президенти Жо Байден ва собиқ Америка етакчиси Доналд Трамп Капитолий босиб олинганининг бир йиллиги муносабати билан бир-бирини айблаб, "ўпкалашди". Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Оқ уйнинг амалдаги раҳбари олдинги раҳбарни 2020 йилги сайловлардан кейин ҳукуматни тинч йўл билан топширишга тўсқинлик қилганликда айблади. Байденнинг қайд этишича, бу Вашингтонда тартибсизликларга олиб келди. "У буни принциплар эмас, балки куч муҳим бўлгани учун қилди", деди у. 25 дақиқалик нутқи давомида сиёсатчи бирор марта ҳам ўзидан олдинги президент номини тилга олмади.

Ўз навбатида, АҚШнинг собиқ президенти учта баёнот билан чиқди, унда у ворисни ташқи ва ички сиёсатдаги қатор муваффақиятсизликлардан эътиборини чалғитишга, шунингдек, мамлакатни бўлишга уринишда айблади.

2021 йил октябрь ойида Трамп Капитолийга бостириб киришга оид ҳужжатлар ва материалларни, жумладан, қўнғироқлар журналлари, шарҳ ва нутқлар лойиҳаларини тергов қўмитасига топширишга тўсқинлик қилишга урингани хабар қилинган эди.

Капитолий биносига бостириб кириш 2021 йил 6 январда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп тарафдорлари митинги чоғида юз берди. Улар ноябрдаги овоз бериш натижаларини тан олмаган, натижада демократ Жо Байден давлат раҳбари этиб сайланган эди. Намойишлар полиция билан кенг кўламли тўқнашувларга олиб келиб, беш киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар ҳибсга олинган эди.