Байрам кунлари сифати шубҳали консервалардан эҳтиёт бўлинг!
Кейинги йилларда аҳоли ўртасида сифатсиз маҳсулотлар, хусусан, уй шароитида тайёрланган консерваларни истеъмол қилиш оқибатида гуруҳли заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.
Биргина, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда қайд этилган заҳарланиш ҳолатларининг ўнтасида 28 нафар фуқаронинг уй шароитида қўлбола усулда тайёрланган мева-сабзавот консерваларини истеъмол қилиш туфайли ботулизм билан касалланиш кузатилган. Заҳарланганларнинг икки нафари вафот этган.
Ушбу ҳолатларда ботулизмнинг келиб чиқишига ва ўлим ҳолатининг қайд этилишига хонадонларда санитария талабларига риоя этилмасдан, хонаки консерваларни тайёрлаш давом этаётгани, қўлбола консервалар келтириб чиқариши мумкин бўлган заҳарланишнинг оғир оқибатларини ҳар бир хонадон эгаси ҳис этмаётгани сабаб бўлмоқда.
Айтиш керакки, ботулизм споралари тайёрланаётган маҳсулотни (консерва ва мариновка) қайта ишлаш жараёнида ҳамма вақт ҳам йўқ бўлмайди. Айниқса, ботулизм қўзғатувчиларининг споралари юқори даражага ўта чидамли бўлади (100 даража иссиққа 6 соат, 120 даража иссиққа 10 минут бардош бериши мумкин). Мева-сабзавотли ва қўзиқоринли консервалар тайёрлашда унга сирка кислотаси қўшиш ботулизмдан сақлашнинг бирдан-бир омилидир.
Байрам арафаси бозорларда, кўчаларда уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини сотиб олманг.
Хайрулла БОЙМУРОДОВ,
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи.