Беҳбудий мероси ва миллий журналистика: Самарқандда илмий мулоқот ва маърифий тадбирлар
Самарқанд давлат университетида “Миллий журналистикамиз тараққиёти ва Маҳмудхўжа Беҳбудий феномени” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда юртимизда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлашга доир қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этаётган олим ва тадқиқотчилар, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р.Холмуродов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х.Салимов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳ.Эрматов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг буюк жадид боболаримиз, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва илмий, ижодий фаолиятини ўрганиш, кенг тарғиб этишга қаратилган алоҳида эътибори натижасида бу йил юртимизда маърифатпарвар адиб таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан кўплаб маърифий-маданий тадбирлар, илмий анжуманлар ўтказилганини таъкидладилар. Бу эса Ватанимиз озодлиги, халқимиз маърифати учун жон фидо қилган улуғ аждодларимиз руҳини шод этиш, улар номини улуғлаш ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

– Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, улуғ маърифатпарвар олим, моҳир журналист ва драматург сифатида халқимиз озодлиги йўлида ўз қалами, сўзи билан курашди, аҳолини илм-маърифатга чорлади, – деди анжуманда сўзга чиққан беҳбудийшунос олим, профессор Ҳалим Саидов. – Буюк бобомизнинг миллий журналистикамиз ривожига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс ва уни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Беҳбудий ҳазратлари ўтган аср бошларида Самарқандда газета, журналлар ташкил этиб, бу нашрлар орқали халқимизни ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишга, илм олишга, сиёсатдан хабардор бўлишга даъват этди. Жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни бу нашрларда шарҳлаб борди ва шу билан бирга, жамиятдаги иллатларни баён этиб, халқимизни маърифатга бошлади. Дарсликлар ёзиб, ота-оналарни фарзандларини ўқитишга, уларга хорижий тилларни ўргатишга даъват этди. Алломанинг бу борадаги қарашлари ва ғоялари бугун ҳам жуда долзарб ва аҳамиятлидир.

Анжуманда Беҳбудий авлодлари, журналистлар ҳам сўзга чиқиб, буюк маърифатпарвар аждодимизнинг меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ишларга эътибор қаратдилар.
Тадбирда Холмурод Салимов Самарқанд давлат университети ректори, "Самарқандим" журнали таҳрир ҳайъати раиси Рустам Холмуродовга, журнал бош муҳаррири Фаррух Ҳамроевга ва журнал фотомухбири Шавкат Акрамовга уюшма аъзолик гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишонларини топширди.

Конференция доирасида иштирокчилар университетдаги таълим жараёнлари, шунингдек, СамДУ қошидаги Биокимё, Муҳандислик физикаси институтлари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети ҳамда Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи фаолияти билан танишдилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида буюк маърифатпарвар ижоди ва ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар, ўша давр маданияти, маърифати, илм-фан ривожига ҳисса қўшган бир қанча маърифатпарвар олимларнинг фотосуратлари, илмий асарлари, турли экспонатлар жой олган. Шунингдек, ХХ аср бошларига тегишли ноширлик дастгоҳи, газета ва журналлар нусхалари, илмий архив ҳужжатлари ва нодир ашёлар бор.
– Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейини томоша қилиб, бу маскандаги газета ва журналлар, суратларни кўриб, катта таассурот олдик, – дейди Қашқадарё вилояти Касби туманининг “Садоқат” газетаси мухбири Зиёдулла Халилов. – Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида ўқиганмиз. Лекин бу ерга келиб билдимки, бунинг ўзи етарли эмас экан. Менингча, журналистлар бу каби уй-музейларни ўз кўзи билан кўриши, жадид боболаримиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлиши шарт. Мен музей ҳақида "Садоқат" газетасида туркум мақола ёзаман ва, ўйлайманки, касбиликлар мақолани ўқиб, албатта ушбу музейга бир марта бўлса-да келишни дилига тугиб қўяди.
Конференция иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб ва шоир Абдусаид Кўчимов кутубхонасида бўлишди.
Таъкидлаш ўринлики, А.Кўчимов ушбу кутубхонага ўз шахсий кутубхонасидаги 10 мингдан ортиқ китоблардан бошқалар ҳам баҳраманд бўлишини истаб, бу эзгу ишни бошлаган. Хайрли ниятни қўллаб-қувватловчилар ва ушбу мақсадга ҳисса қўшишни истовчилар кўпайгач, бу зиё масканида яна шунча миқдорда китоб тўпланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мазкур зиё масканини ҳам ўз тармоғига қўшиб, ургутлик китобхонларнинг мамлакатимиз бош кутубхонаси фондидаги асарлардан баҳраманд бўлишларига имконият яратди.
Навоий кон-металлургия комбинати эса кутубхонани замонавий компьютерлар билан таъминлаб, Навоий давлат кончилик ва технология университети кутубхонаси билан онлайн боғлаган.

Анжуман қатнашчилари - Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви аъзолари, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилояти журналист ва блогерлари ушбу кутубхонада бўлиб, бу ерда китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Иштирокчиларнинг барчаси кутубхонага 300 дан зиёд китоблар совға қилди.
Ҳусан Элтоев,
Алишер Исроилов,
Бахтиёр Мустанов.