Белорус Польша чегарасидаги Брузги назорат пунктида муҳожирлар қолмаганини маълум қилди

Польша - Беларус чегарасидаги вазият юмшаётган кўринади. Сўнгги бир ҳафта давомида давом этган муҳожирлар билан боғлиқ таранг вазиятдан сўнг ҳар икки давлат Брузги-Кузница чегара пунктида лагерь қурган муҳожирлар кетганини тасдиқлади. 

Польша полицияси илгари ноқонуний муҳожирлар эгаллаб турган бўш ҳудуд акс этган видеолавҳани тақдим этди. Бироқ, Беларус Республикаси томонидан Польшага ноқонуний киришга уринишлар бошқа ҳудудлар орқали оз бўлса-да давом этаётгани хабар қилинмоқда.

Жума куни Польша 21 ноябрдан бошлаб Кузница темир йўл назорат пунктида Беларус билан алоқани тўхтатмоқчи эканлиги маълум бўлди. Шу билан бирга, Минск ўн кун аввал Польша ташаббуси билан ёпилган Брузги-Кузница назорат-ўтказиш пункти ишини тикламоқчи.

Ҳозирда Беларус-Польша чегарасида жойлашган чет элликларнинг аксарияти иситиладиган транспорт-логистика марказига жойлаштирилган, қолганлари 18 ноябрь куни Минскдан Ироққа эвакуация рейси билан учиб кетишган.

Марказда турган аҳоли сув ва иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, мигрантларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятовичнинг айтишича, “халқаро гуманитар ташкилотлар чегара бўйидаги ҳудудларга тўсиқларсиз, зудлик билан ёрдамга муҳтож бўлганларга етиши керак”.