“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумида нималар ўзгаради?

Вилоятда оммавий спортни ривожлантириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг  иккинчи мавсумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, спорт-таълим муассасалари масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва блогерлар ана шу саволларга жавоб олди.

- Ўтган давр мобайнида 420 дан ортиқ маҳаллий, республика ва халқаро спорт тадбирлари ўтказилди, - деди Р.Қобилов.  – Мусобақаларда вилоятимиз спортчилари 563 та олтин, 585 та кумуш, 890 та бронза, медалларини қўлга киритди. Шундан тўртта халқаро мусобақа Самарқандда ўтказилган бўлиб, жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари триатлон бўйича “Сhаllеngе Sаmаrkаnd” халқаро мусобақаси ва Ўзбекистон чемпионатига шаҳримиз яна бир марта мезбонлик қилиши кутилмоқда.

 “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг биринчи мавсумида спорт, маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари ва касблар танлови бўйича 19 йўналишда 393 минг 134 нафар самарқандлик ёшлар мусобақаларнинг маҳалла, сектор, туман (шаҳар), вилоят ҳамда республика босқичларида беллашиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлди. Қувонарлиси, мазкур спорт мусобақаларининг республика финал босқичида вилоятимиз ёшлари 16 та олтин, 9 та кумуш, 12 та бронза медаллари)ни қўлга киритди ва 782 нафар иқтидорли ёшлар сараланиб, спорт мактабларига қабул қилинди.

Матбуот анжуманида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумига кўрилаётган тайёргарлик ва ўзгаришлар, спортчиларга яратилаётган шароит ҳақида ҳам маълумот берилди.

- Олимпиаданинг икккинчи мавсуми сентябрь-ноябрь ойларида ўтказилши режалаштирилган бўлиб, 10 августдан 15 августгача иштирокчилар “my.sport.uz” ёки “beshtashabbus.uz” платформалари орқали онлайн рўйхатдан ўтади, - дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Ҳозирда мусобақалар ўтадиган жойларни белгилаш, спорт иншоотларини тайёрлаш, ҳакамларни бириктириш, баҳсларни белгиланган вақтда низом асосида ўтказилишини назорат қилиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш чоралари кўрилмоқда.

Мусобақанинг янги низомига кўра, ушбу мавсумда мактаб ўқувчилари етти йўналишда, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари беш йўналишда, олий таълим муассасалари талабалари тўрт йўналишда, маҳалла ёшлари олти йўналишда кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида белгиланган ёш тоифасида иштирок этади.

Мусобақаларга 7-30 ёшгача бўлган ёшларнинг 400 минг нафардан ортиғини қамраб олиш, республика (финал) босқичида 50 дан ортиқ ўринни қўлга киритиши режалаштирилган.

Тадбир сўнгида ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш ва ёритишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган журналист ва блогерлар тақдирланди.

Ф.РЎЗИБОЕВ.