Беш ташаббус тўлақонли амалиётга татбиқ этилса, ўқувчи вақтини ортиқча нарсаларга сарфламайди

Болада жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойиллик, ахлоқсизлик ва таълим-тарбиясидаги бўшлиқлар қачон пайдо бўлади? Албатта, назоратсиз қолдирилганда, ота-она, таълим муассасаси ва педагогнинг эътиборсизлиги оқибатида пайдо бўлади. Бугун ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга нечоғлик эътибор қаратяпмиз? Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил эта оляпмизми?

Самарқанд шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган “Умумтаълим мактабларида 5 та ташаббус амалда” мавзусидаги вилоят семинарида ана шундай муҳим саволлар ўртага ташланди.

Унда иштирок этган туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари ўринбосарлари, маънавият шўъбаси раҳбарлари, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ўқитувчи ва ўқувчилар 8-умумтаълим мактабида намунали ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишди. Шу билан бирга, муассасада Халқ таълими вазирлиги буйруғи билан умумий ўрта таълим мактаблари ҳовлисини, бино йўлаклари ҳамда синфхоналарини  стендлар билан жиҳозлашнинг намунавий талабларига эътибор қаратишди.

- Ҳар бир мактабда Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини тўлақонли татбиқ эта олсак, фарзандларимиз вақтини ортиқча нарсаларга сарфламайди, - деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озод Жангиров. - Шу боис 5 ташаббус доирасида шунчаки тадбир ўтказиб, кўргазма ташкил этиб қўймаслик керак. Уни амалда қўллаб, ўқувчилардаги иқтидорни, қизиқишлари доирасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш лозим. Негаки, барча ўқувчини бир пайтнинг ўзида китобхон қила олмаймиз. Балки, у спорт турларига қизиқар ёки ахборот технологиялари соҳасида ноёб иқтидори бордир?! Бири ашула айтишга, яна бири чолғу асбобини чалишни истар, бошқа санъат турларига қизиқадиганлари ҳам талайгина. Муҳими, биз уни бўш қўймаслигимиз, орзу-умидларини амалга оширишга кўмаклашишимиз лозим.

Семинар умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари томонидан намойиш этилган бадиий чиқишлари билан якунланди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.