Беш йилда Самарқандда 28 та талабалар турар жойи қурилади
Бу ҳақда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев давлатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи чоғида берган топшириғи асосида вилоят аҳолисига мурожаатида қайд этди.
– Бугунги кунда вилоятда 11 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда, – деди Б.Мусаев. – Президентимиз ташриф чоғида яна 5 та олий ўқув юрти очиш бўйича топшириқ бердилар. Жумладан, Самарқанд давлат университети қошида Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ташкил этилади. Бундан ташқари, муҳандислик физикаси институти ҳамда агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти очилади. Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманида СамДУнинг филиаллари ташкил этилади. 2021-2022 ўқув йилидан Нарпай ва Пайариқ туманларида Самарқанд давлат чет тиллари институтининг факультетларини очиш кўзда тутилган.
Ҳозирда Самарқандда 6 минг ўринли 19 та талабалар тураржойи мавжуд. Бу йил яна 5 та бино қуриш ва 200 ўринли ётоқхонани реконструкция қилиш эвазига 2350 нафар талабанинг турар жойга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Умуман, 2021-2025 йиллар давомида вилоятда 10 минг ўринли 28 та ётоқхона қуриш режалаштирилган.