Билим, инновация, фидойилик, таълимдаги самарадорлик

Ўзбекистон ривожланишининг янги босқичидаги энг асосий таянч ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш – мамлакатимизда таълим тизими, илм-фан соҳаси ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим босқичи бўлди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари кўтарган масалалар нафақат олий ўқув юртлари юксалиши, балки бутун жамият тараққиёти учун ҳам стратегик аҳамиятга эгалиги билан диққатга сазовор бўлди. Президентимиз томонида илгари сурилган ташаббуслар халқаро таълим стандартларига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлашимизга, битирувчилар бандлигини таъминлашга, олий таълим муассасаларида сифат ва самарадорликни оширишга, илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш ва миллий таълим тизимини илғор халқаро рейтинглардаги муносиб ўринларга олиб чиқиш учун хизмат қилади.

Қувонарлиси, кейинги йилларда таълим соҳасига қаратилган эътибор бевосита натижаларда ўз аксини топиб бормоқда. Охирги 7 йил ичида олий таълимга қабул 4,5 баробар ошиб, мамлакатимизда ёшларнинг олий таълимда ўқишини давом эттириш қамрови 42 фоизга ошди. Буни улкан ютуқ ва муҳим тарихий кўрсаткич, десак муболаға бўлмайди. Аммо шу билан боғлиқ муҳим жиҳат борки, бу кенгайиш, бу ютуқ замирида сифат ва бозор эҳтиёжига мос кадрлар тайёрлашдек биринчи даражали ва долзарб вазифа ҳам бор, буни эътибордан четда қочирмаслигимиз керак.

Бу масала нақадар долзарб эканлигини Президентимиз томонидан келтирилган мисолларда кўришимиз мумкин. Масалан, йилига 20 минг автомобиль ишлаб чиқараётган "BYD" заводида 100 та муҳандислик бўйича иш ўрни бўш бўлиб тургани, уларни тўлдириш учун хориждан 80 нафар мутахассис жалб этилганини эшитиб, ўзимизда шундай кадрлар етишмаётгани устида мониторинг олиб борилмагани соҳадаги муҳим камчиликдир.

Ана шу камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда яқин 3-4 йилда мамлакатимизда ишга тушадиган 83 миллиард АҚШ долларилик саноат лойиҳалари учун 500 минг нафар юқори малакага эга бўлган мутахассисларга эҳтиёж сезилаётгани – олий таълим тизими меҳнат жамоалари олдида қанчалик улкан миқёсдаги масъулиятли вазифа турганини кўрсатмоқда.

Президентимиз томонидан таклиф этилган олий таълим муассасаларини молиялаштириш ва рейтинг тизими, яъни “ҳар бир балл – ҳар бир ресурс” тамойили асосидаги баҳолаш, олий таълим муассасалари меҳнат жамоаларини янада самарали ишлашга, фаолиятларини бозор билан интеграциялашга ундайди. Бу таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш билан бирга рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги мавжуд камчилик ва муаммоларга барҳам бериш имкониятини беради.

Олий ўқув юртларини баҳолашнинг янги мезонлари ҳам таълим муассасаси рейтингининг кўтарилишига, нуфузи ва салоҳияти ошишига хизмат қилади. Бу соҳа ходимларининг дилидаги гап бўлганини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Олийгоҳлар эндиликда битирувчилар бандлиги (40 балл), илмий тадқиқот ва маҳсулотни тармоқ буюртмасига мослаштириш (30 балл), илмий мақолаларнинг халқаро эътирофи (20 балл), жалб қилинган грантлар (10 балл) дан тўпланган балл ва мезонлар асосида баҳолаб борилади.

Мазкур баҳолаш тизими, албатта, соғлом рақобат, илмий-педагогик фаолиятда инновацион ёндашув ва натижадорликни талаб қилади. Аҳамиятлиси, эндиликда ҳар бир олий ўқув юрти жамоаси ўз йўналиши бўйича реал сектор билан узвий боғланган ҳолда илмий ва амалий салоҳиятни бирлаштирган улкан марказга айланиши лозим бўлади.

Хорижий тилларни билиш ва ўргатиш халқаро майдондаги соғлом рақобатда, меҳнат бозорида ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис асосий эътиборни мана шу масалага қаратганмиз. Институтимизда айни пайтда хорижий тилларни ўргатиш, таржимонлик, лингвистика ва филология соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаб келинмоқда.

Халқаро ҳамкорлик ва тил компетенсиясининг кучайиши бугунги меҳнат бозорида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё бўйича рақобатбардош бўлишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Йиғилишда Президентимиз томонидан илгари сурилган: “Абитуриент 5 та олийгоҳдан бирортасига кира олмаса, бошқа олийгоҳда тўлмаган йўналиш учун имконият берилади”, деган ташаббус ҳам айнан ёшларимиз учун тенг имконият, инклюзивлик ва ҳар бир истеъдод ва иқтидор эгасининг келажакда ўз ўрнини топишига хизмат қиладиган муҳим омил бўлди. Бу ташаббусни бутун олий таълим тизими учун кадрлар захирасини асраб қолишдаги муҳим механизм бўлди, десак мақсадга мувофиқ бўлади.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 92 мингдан ортиқ битирувчи ишсиз. Президентимиз томонидан илгари сурилган комплекс ечимлар: магистратура, иккинчи мутахассислик, стажировка талаб қилинмайдиган иш ўринлари, бизнес-инкубаторлар, тармоқдаги эҳтиёжлар бўйича тақсимот – барча йўналишлар мамлакатдаги олий ўқув юртлари ҳамда иш берувчи ташкилотлар учун аниқ мақсадлар стратегияси бўлиб хизмат қилади.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам бу борада бир неча йўналишларда истиқболли ишлар олиб борилмоқда. Эндиликда хорижий тил ўқитувчилари ва таржимонларга бўлган ички ва халқаро эҳтиёжни ўрганишни, халқаро таълим дастурлари (Erasmus+, DAAD, TIKA, MEXT, GKS, Эл-юрт умиди, Fulbright, Chevening) орқали талабаларни хорижда стажировка билан таъминлашни, республика ва вилоятдаги туризм, хизмат кўрсатиш, медиа ва таълим соҳаларидаги иш берувчилар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан мақсадли кўсаткичларни белгилаб олганмиз.

Тадбирда Юртбошимиз томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар олий ўқув юртлари ректорлари зиммасидаги масъулият ва вазифаларни янада оширди, ваколатни кенгайтирди. Энди ректор нафақат раҳбар, балки ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасасининг “бош менежери”, “бош стратегисти” бўлади. Ректорлар ваколатининг кенгайтирилиши, ректор ўринбосарларини ўзи тайинлаши, штатлар ва муассаса бюджетини ўзи тақсимлаши, супер-контракт миқдорларини табақалаштирилган тарзда белгилаши – бу академик ва ташкилий мустақилликни янги босқичга олиб чиқади.

Шу мақсад йўлида, “Янги Ўзбекистон” университетида ташкил этилаётган Ректорлар мактаби ва Гарвард университети билан ҳамкорликдаги малака ошириш курслари олий таълим тизимида билимли, куч ва шижоатга тўла янги авлод раҳбарларини шакллантиришга хизмат қиладиган бўлди.

Халқаро рейтинглар устувор йўналишимиз бўлиб, институтимиз жамоаси ўз олдига халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашни асосий стратегик вазифалардан бири сифатида қўйган. Буни Самарқанд давлат чет тиллар институтининг яқинда Европа таълим сифати агентлиги (EQAA — European Quality Assurance Agency) томонидан халқаро аккредитациядан ўтганлиги институт Европа талаблари асосида фаолият олиб бораётганини ва эндиликда битирувчиларга бериладиган дипломларнинг бутун дунё бўйлаб тан олиниши мумкинлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Олийгоҳда илмий мақолаларни SCOPUS, Web of Science каби базаларга чиқариш, хорижий тилни мукаммал биладиган илмий кадрлар сонини кўпайтириш, Tempus, Erasmus+, KOICA ва бошқалар билан ҳамкорликда илмий грантларни жалб этиш, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, ўқув дастурларини CEFR, TEFL, TESOL, DELF, IELTS каби халқаро стандартларга интеграциялаш борасидаги ишларимиз кўламини кенгайтиришни режалаштириб олдик.

Бугун Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу босқичда энг асосий таянч – билим, инновация, фидойилик ва таълим тизимидаги самарадорликдир. Ҳар бир олий ўқув юрти, ҳар бир ректор, ҳар бир профессор-ўқитувчи давлатимиз раҳбари белгилаб берган бу юксак мақсадлар сари, елкама-елка ва фаол ҳаракат қилиши лозим.

Битирувчилар бандлигини 100 фоизга яқинлаштириш, илмий мақолалар сонини икки баробарга ошириш, Халқаро рейтинглардан ўрин олишда индивидуал йўл хариталарини ишлаб чиқиш, рақамли трансформация ва онлайн дарслар сифатини ошириш, ҳар бир талаба учун тил ва касб интеграциясини таъминлаш йўлида шижоат билан ишлаймиз.

Биз биламиз, таълим сифатли бўлса, жамият тараққий топади. Битирувчилар банд бўлса, халқ рози бўлади. Илм-фан ривожланса, Ўзбекистон кучли давлатга айланади.

Баҳодир Холиқов,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.