Бир ғазал ёзилиши тарихи:“Дўст билан обод уйинг...”
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудига 90 йил тўлди
Улфатлар тўпланишиб ош ейдиган даврани “гап” деймиз. Буни замонамиз тинчлиги, фаровон турмушимизнинг шукрона тимсоли, десак хато бўлмас. “Гап”дагилар таниш, тенгқурлар, узоқ йиллар раҳбар вазифаларида ишлаб эл-юрт ҳурмати, эътирофидаги ёшулли отахонлардан иборат.
“Гап” баҳона холос. Асли бу йиғинда илмий, диний, аҳлоқий меъёрлар, улуғ алломалар Навоий, Бобур, Фузулийдан тортиб, Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Юсуфдай улуғларимиз, Мустақиллигимиз фидойилари - жадидлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби истиқлол куйчиларининг илмий мерослари ҳақида гап боради. Давра самимий, фикрлар теран, мулоқотда ва дуоларни нуронийлар айтишади. Биз ёшлар тинглаймиз, чой қуйиб узатамиз, олма арчиб, қовун тиликлаймиз.
Бугунги "гап" мавзуси шоир Эркин Воҳидов ҳақида. Унинг ижодидан “Манфаат фалсафаси”, “Камтарлик ҳақида”, “Инсон” қасидаси, шеър, ғазаллар ўқилади. “Дониш қишлоқ латифалари”дан “Матмусанинг дутори” “чертилди”, ҳазил-мутойиба даврага файз берди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Дўст билан обод уйинг” ғазали ёзилиши билан боғлиқ воқеа ҳақида даврабошимиз, қомусий устоз Нозимжон Қозоқов қизиқарли ҳикоя айтдилар.
- Чамаси 1989 йил эди, - дея сўз бошлади Нозимжон ота, - Норин туман, 8-мактаб ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Абдураҳмон Назаровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвони берилди. Мен Наманган вилояти халқ таълими бошқармасининг бошлиғи сифатида устозни қутлаш баҳона мактабга бордим. Камтарона табрикдан сўнг бир пиёла чой қайноғида домланинг фаолияти билан қизиқдим.
- 1955-1960йиллар Ўрта Осиё давлат университети филология факультетида ўқидим, - деди Абдураҳмон Назаров, - фахрим шундаки, курсдош, гуруҳдош-хонадошим, бўлажак машҳур шоир Эркин Воҳидов билан бир партада таҳсил олдик.
- Кечирасиз, сиз Эркин ака билан бирга ўқиганмисиз? Омадни қаранг. Мен ҳам шоир ғазаллари шайдосиман, - дедим.
- Унда салқинга ўтайлик.
Устоз сўрига тўшалма ташлаб, чой келтиришларини сўради.
- Хуллас, 60 йили олийгоҳни тугатдик, - дея суҳбатни давомлади А.Назаров. - Эркин “Ёш гвардия” нашриётида қолди, мен Норинга қайтдим. Йиллар ўтди. Салом-алик, оилавий борди-келдиларимиз, ёзишмалар узилмади.
Адашмасам, 1969 йил баҳори эди. Бир ўқувчим “Домла, уйингизга Эркин Воҳидов келдилар”, деди. Яшириб нима қилдим, қалбим ғурур-ифтихорга тўлди. Ўшанда биз 33 ёшда эдик. Дўстимнинг саккизта шеърий китоби мухлислари қўлида. Есениндан таржималари босилиб чиққан, комсомол мукофоти лауреати бўлди. “Олтин девор” комедияси Ҳамза номли академик ва драма театрида гуриллатиб қўйилаётган пайтда дўстим, шоир Эркин Воҳидов менинг уйимда! Ҳа, шоирнинг водийдаги бош бекати менинг хонадоним эди...
“Катта уй” (ота-онам уйи) остонасидаёқ уни кўрдим. Ана у, ўша-ўша содда, тортинчоқ Эркин, ўта камтар, бағрикенг, ҳокисор Эркин, ота-онамга-да фарзанддек азиз Эркин, гурунг беряпти. Истиқболимизга шошилдик. “Оқ шоли, кўк шоли” бўлиб, бир-биримизни кўтариб ташладик. “Бултурги ўчим”ни олгани келдим. “Олтин доска”да ўйнаймиз,”- дея ҳазил-дағдаға қилди.
Мен қишлоқ шахматчилари республика чемпиони бўлганимда олтин суви юритилган шаҳмат тахта билан мукофотланганман. “Олтин доска” шунга ишора эди. Шоир ўша тахтада дона суришни хушлар, ҳазиллашиб “Саҳрода ва шахматда дўстлик бўлмайди” деб ғашимга тегарди. Очиғи, Эркин кучли ўйнарди. Эркин Воҳидов “АҚШнинг Сиэтл шаҳрида жаҳон чемпиони Анатолий Карпов билан яккама-якка жанг қилиб, дурангга эришганман, - дея гердайиб юрсам бўлади. Ҳаммаси бўлиб, беш юриш бўлганини эса айтиш шарт эмас”, деб ёзганди кейинчалик. Энди бу бошқа мавзу.
Оилам янги участкага “учирма” қилинган. Икки хонали, айвонсиз, сомон сувоқ уй. Том шиферсиз, хашак тўшалиб, тупроқ солинган. На гилам бор, на мебель. Ҳовли деворига иккита хода ташланиб, “шифти”га чипта қоп тортиб “фанер” қилинган ошхонамиз бор эди. Эркин эса кўркам дастурхонлар меҳмондорчилигида бўлишини сезаман. У ҳашаматлар қайда-ю, менинг кулбам қайда...
Эркин, кулмайсан-да, ўртоқ. Қишлоқчилик, янги рўзғор, дегандай.
- Нима ҳам қилардим, роса куламан-да, ошна. Ҳой бола, мен сеникига “уй кўрди”га келганим йўқ. Амаким, холамни бир кўрай, дуоларини олай деб келдим. Сени оқдами, қорадами (шахмат дона) бир пийпайман деган умиддаман. Ҳамма ҳам иморатини чала капада яшаб тиклайди. Билсанг бобурийлар Тожмаҳални йигирма йилда қурган, биродарим. Е, чойдан қуй-е...
Бир пиёла чой ичдик-йўқ, ҳовли ғала-ғовур, бир соат ўтди ё ўтмади, уйимизни меҳмон босди. Қўшни қишлоқдаги мактаб ўқитувчи, ўқувчилари, боғча ходималари, маҳалла мухлис йигит-қизлари шоирни кўриш, овозини эшитиш иштиёқида ҳовлини тўлдиришди.
Мен шоирни таништирмоқчи бўлсам... эътирозлар...
- Шоирни сиздан яхши биламиз, - деди бир мухлис. Даромаддан – шеърхонликдан гапиринг.
Ростини айтақолайми, агар ўшанда уйимда новвос-буқа бўлганда ҳам сўйворардим. Афсус, қўй-қўчқор ҳам... Яхшики, 10-15 та товуқ бор.
Мушоирани мактаб ўқитувчиси қўлда чойнак тутганча бошлади:
Гарчи шунча мағрур турса ҳам
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун
Кибру ҳаво нимага керак.
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
Олқишлар... мухлислар “бети очилиб” шеър айтмоққа гал талаша бошлашди. “Ўн саккизга кирмаган ким бор?, “Пўлат”, “Лола сайли”, “Самар бўлғай”, “Гулнорини ўп”, “Замон”, “Ойнинг ўн беши қоронғи...” каби шеър, ғазаллар ёшлар қалбидан отилиб чиққандай оҳангда айтиларди.
“Фузулий ҳайкали қошида” шеъри ўқилганда “офарин” хитоблари янгради:
... Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,
Бунчалар серишва, бунчалар серноз.
Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо
Фузулий шеърига ошиқлигим рост...
Мухлислар шоирни худди ҳамқишлоқларидай, худди Тошлоқ маҳалла фарзанди каби яқин олдилар. Мушоира, икки соат давом этгач, савол-жавоблар, ҳазил-мутойиба бошланди. Шоирни ҳазилга устамонлигига қойил қолишади. Латифа айтишувлардан кейин дастурхонга ноз-неъматлар қўйилди. Товуқ шўрвадан сўнг “Эркинхонлик мушоира”си ярим тунгача давом этди. Тушмагур меҳмонжонлар кетамиз деб “инжиқлик” қилмас, Эркин бир банд айтса бўлди, мухлислар давом эттиришар, мушоира пироварди баҳри байт айтишувлари мусобақасига қўшилиб кетди.
Тунги соат икки эди чамаси...
Бир пайт баҳор осмонида гумбур-гумбур... чақмоқ чақди, момоқалдироқ мушоирага жўр бўлди. Ташқаридаги шинавандалар ҳуркитилган қўзичоқлардай тўзиди. Ноғора чалгандай сел-жала қуйди. Шиферсиз томдан чакка ўтиб кетди. Ким коса, лаганча, ким чилопчин, тоғора тутиб жон сақладик. Жала тинган бўлса-да, том томчилари идиш-товоқларга чакилларди.
Эркин иккимиз икки меҳробдаги икки сандиқ устида тонг оттирдик.
Ёмғирдан жунжиккан тана катта уйдаги қайноқ нонуштадан жонланди. Ўзингдан қўймасин, халқим. Маҳалладошлар “меҳмон йўқлови”, ким қайноқ манти, сомса-қатлама, мастава, ҳатто қўға “белбоғ”да баҳоргача асралган қирқма қовун тилинди...
Тушга яқин партком виллисида Арслонбобдаги курсдошимизникига жўнадик.
Пойтуғ, Маданиятдан ўтдик. Водийнинг шимолий “девори” Чотқол қурама тоғ тизмаларининг бужур қоялари ҳайбати бостириб келарди. Афсун айтиб қўйилгандай устма-уст тошлар омонат, “пуф” деса қулайдигандай ваҳима.
- Рафиқшер, Арслонбобга аввал келганмисиз, - дедим.
- Бехижолат домла. Анжан таксопаркида таксис пайтимда келганман. Ҳали узоқ, яна юрамиз.
Тоғ қаърига кириб боравердик, боравердик. Қишлоқнинг арслон таърифли Арслонбоби кўринмасди.
Э.Воҳидов кўзи юмуқ хаёл суриб борарди. Кеча: “Арслонбобда нима бор? Мактабда шоир билан учрашув ўтказиб қўяқолайлик”, деб ҳарчанд тушунтирдим, йўқ, “Арсонбоб”, деб туриб олди. Эркин: “Сени “земим” (ҳамюрт), деб қандай қувонарди, борайлик”, - деб туриб олди.
Мана, уч соатки йўлдамиз. Хаёл суриб ўтирайвер...
Ниҳоят, шофёр “перекур” деб тўхтади ва “Мана, Арслонбоб!” деб ўчоқкесак, заранг тош водий узра мовий гиламга ишора қилди.
Арслонбоб! Ташқи оламдан ёнғоқзорлару бодомзорлари, арчазору шовва-шаршаралари соябони остига яширингандай сирли ва сўлим гўша! Бу тоғ ўлкалари баҳор билан илҳақ, кеч қовушади. Қақаноқлари ёрилган бодом куртаклари қиз лабларидек табассум жаҳдида...
Машинамиз ҳашамдор дарвоза қаршисида тўхтади. Курсдошимиз шод-хуррам кутиб олди.
Ҳовли пардозли келинчакдек кўркам, жимжит, сукунат (осудалик) оғушида, Меҳмонлар шарафига ҳовузчадаги хумчанинг 8-10 та “оғзи”дан сув отилди. Жимжитликни кўпикланаётган сув овози бузди. Уй соҳиби таклифи билан ичкарига кирдик. Кексароқ аёлга “Наманганча палов” деб шипшиди ва лутфан хоналарни таништира бошлади.
Заллар ораста ва саришта. Ҳар бир хонанинг поёндози, қандиллар, шифт наққошлиги сўзаналари, ўйма-ганч нақшлари ғаройиб. Бошқа бир зал-хонанинг безагига ўхшамас, бошқача дид, ажнабий рангин, мебель ансамбльи жойлашувлари ҳам ўзгача, турфа...
Кечки емакка акасини айттирди. Наманганча палов тортилди. Арслонбоб ҳақида биз эшитмаган қизиқ факт, рақамлар кўп экан. Асаларичилик тармоқ ривожи, туризм ҳақидаги маълумотларни билиб олдик. Таомдан сўнг катта оға дам олишини иддао қилиб кетди.
Наманган аэропортига қайтгунимизча тўрт соат йўл элагида эландик. Эркин келгунча бир дафтарни ёзиб тўлдирди.
... Шоир самолёт томон икки-уч қадам ташлаб ортига қайтди. Кўйлак чўнтагимга қоғоз қистириб: “Шахмат матч-реванши бизникида бўлади - кутаман,” – деди мамнун жилмайиб. Салкам ўн беш йиллик қадрдонимнинг бу табассумидан кўнглим тўлмади. Ортидан ачинишда қолдим. Не ҳавас умидида 200 километр йўл босгандик. Кўзимдан қайноқ ёш тошди... Самолёт учиб кетгунча ўтирдим.
Ҳа, қоғозни эсладим. Ўқидим... “Оббо Абдураҳмони тушмагур-ей, сенга ҳавасландим. Қишлоқ, маҳалланг, ҳамма-ҳамма дўстинг, биродаринг экан-ку! Сен уйингдан уялгинг келди-я. Уялиш 16 хона уй қурганларга қарз. На дўсти бор, на оила, на йўқловчи қўшни, ҳамсоя...
Сенинг уйинг дўстларинг билан обод, чароғон. Эркин”.
Орадан ярим йил ўтиб, республика ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтига бир ойлик курсга юборишди. Э.Воҳидов билан кўзда ёш билан дийдорлашдик. Норин, Арслонбоб воқеаларини эсладик. “Ижоддан гапир, ижоддан.” Эркин: “Ҳа, ҳа, айтгандай...” қўлёзмаларини варақлаб узатди ва “ўқиб кўр-чи”, деди. “Дўст билан обод уйинг...” ғазалини ўқигунимча бир сўз демади. “Қалай?” деди. “Маладес, зўр ёзибсан”, - дедим. “Тушунмабсан, ошна”, у ўзи ёддан ўқиди:
Дўст билан обод уйинг
Гар бўлса у вайрона ҳам...
Мен борганимда уйингдан хижолатда эдинг. Шеъру ғазал баҳона уйинг тўйхона, шодиёна, кошонага айланди. Ўз уйингда ўзинг адашар вазиятлар бўлди. Ўша куни қишлоқнинг “кошона”си сенинг уйинг бўлди. Ўзинг билмаган ҳолингда қанча дўстларинг борлигини танидинг. Чунки:
Дўст қадам қўймас эса
Вайронадир кошона ҳам...
Бу энди ҳў... ўша ўзинг кўрган, билган уй. Билгинки, дўстим, ҳаммамиз ҳам кайфият бандаларимиз. Балки собиқ курсдошимиз ҳам ўша куни кайфиятда ҳам “вайрона” бўлган кунидир. У ҳам курсдошимиз – дўстимиз. Мақсадим, Арслонбоб дўстлик кўприкларини яна қайта тиклаймиз. Чунки:
Дўсти содиқ йўқ экан деб,
Ўртаниб куйма ва лек.
Меҳр уйин кенг очсанг, Эркин
Дўст бўлур бегона ҳам.
Ушбу шеърни ўқиб, устоз Абдураҳмон домла Назаров ўз ҳикоясини тугатди, - дедилар устоз Нозимжон Қозоқов.
***
Муаллифдан: Қизиқувчанлик қурсин. Эртаси куниёқ “вайрона” уйни кўриш, Нориннинг тўлқинли воқеаларини эслаш, устоз Абдураҳмон домла билан танишиш, машҳур шоир қўлини тутган кафтга кафтимни босиш мақсадида “Норин, қайдасан?” дея йўлга чиқдим.
Афсус, Абдураҳмон домла ва аёли вафот этишибди. Фарзанди аржуманди Умиджон Назаров Норин тумани ҳокими ёрдамчиси сифатида фаолият олиб бормоқда экан. У: “Эркин амаким ва Гулчеҳра холам бирга келганларида ўғли Хуршидбек иккимиз қачонлардир “вайрона” бўлган ўша уй дадам ва Эркин амаким ёд этиладиган, унинг ғазаллари бот-бот ўқиладиган “кошона”га айланган. Хуршидбек иккимиз тиззаларида ўтириб эркаланардик.
Дадамнинг қирқ йил аввал айтган ҳикоясини ёдларига тутиб юрган Нозимжон отага ўз миннатдорчилигимни билдираман.”
Аллоҳ ўтганларимиз руҳини шод этсин дея Қуръон тиловат ўқиб, Жомашўйга қайтдим.
Абдуназар Бурхонов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.