Бир қатор давлат хизматларини кўрсатиш маҳаллада йўлга қўйилади: Жомбойлик Шахриёр Холбоевнинг бир неча таклифи давлат дастуридан ўрин олди

Самарқанд давлат университети стажёр-тадқиқотчиси, Давлат бошқаруви академияси Самарқанд филиали бош мутахассиси жомбойлик Шахриёр Холбоев бир неча йиллардан буён давлат дастурларига ўзининг турли таклифлар билан иштирок этиб келади.

Жумладан 2019 йил унинг “Йўналишли таксилар фаолиятини рақамлаштириш” билан боғлиқ таклифи инобатга олиниб Давлат дастурида ўзини аксини топган эди.

Шаҳриёр Холбоев ўзи юборган ва инобатга олинган навбатдаги таклифи ҳақда zarnews.uz`га қисқача сўзлаб берди:

“Мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Давлат дастури Президент Фармон лойиҳаси платформа орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, ҳар бир фуқаронинг фикр мулоҳазаларини олиб Дастурларни қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилиши натижасида ҳар йили таклифларимни оддий фуқаро ва мутахассис сифатида бериб келмоқдаман.

2021 йил “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури лойиҳасига “Маҳалла институти фаолиятини такомиллаштиришда ҳозирги кунда Давлат хизматлари агентлиги (Адлия вазирлиги)да бепул ва пуллик хизматларни айнан маҳаллада йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Чунки, аҳолига хизмат кўрсатишда транспорт хизматларига кетадиган сарф-харажатлар қисқаради.

Шунингдек, ҳудуд иқтисодий ривожланишига ўзининг ижобий самарасини беради. Бундан ташқари давлат органларининг хизматларини маҳаллабай ташкил этиш ва уни маҳаллабай мувофиқлаштириш имконини беради. Бу мазмундаги таклифим Давлат дастури бандларида ўзини аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан етти йўналиш, 100 мақсад, 398 банддан иборат 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда бу бўйича давлат дастури тасдиқланди.

Мазкур фармон лойиҳаси “2022-2026.strategy.uz” платформаси орқали 2022 йил 31 декабрь-15 январь кунлари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокамада жами бўлиб, 17 535 та таклиф билдирилди. Таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, лойиҳага қарийб 100 та концептуал ҳамда 200 дан ортиқ аниқ ҳарактерга эга ўзгариш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, маҳаллаларда социологик ва аналитик таҳлилнинг олиб борилиши маҳалла институтини самарадорлигини ҳамда жамоатчилик назоратини ошириш имкони бериши ҳақдаги таклифим инобатга олиниб 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ўзини аксини топди.

Ҳар бир маҳаллада социологик ва аналитик таҳлилларни олиб боришида миқдор ва сифат кўрсаткичларни қай даража шаффоф шаклланиши, ахборот алмашинувида очиқ ва ошкораликни таъминланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади албатта.

Авваламбор оддий фуқоро, мутахассисларнинг фикр мулоҳазаларининг қабул қилиниши ва уни Давлат дастурларида ўзини аксини топиш амалиётини йўлга қўйилганлигидан «Тараққиёт стратегияси» маркази, шунингдек Давлат Дастурига бириктирилган барча мутасаддиларга ўзимни миннатдорчилимни билдираман”, дейди Шахриёр Холбоев.