Бир қатор давлат хизматлари кўрсатишда ортиқча талаблардан воз кечилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 5 турдаги давлат хизматларини проактив тарзда ҳамда 6 турдаги давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш ҳамда хусусий бандлик агентликларини Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш давлат хизматлари проактив тарзда кўрсатилади.

Яъни, бу ҳолатда хизмат жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатилади.
Шунингдек, қуйидаги давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда:
- кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ушбу манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш;

- кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ва ушбу манзилга вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
- давлатга тегишли бино ёки иншоотни бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш;
- “E-auksion” электрон савдо платформасида кўчмас мулк объектларини сотиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
- тиббий фаолият учун лицензия билан бирга рентген ускунасидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш;

- хавфли юкларни ташиш учун сиғимларнинг яроқлилиги тўғрисида хулоса билан бирга ядровий ва радиоактив материаллар, радиация манбалари, радиоактив чиқиндилар ва қурилмаларни ташиш шартлари ва усулларининг санитария қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш.

Бундан ташқари, божхона брокери фаолияти, халқаро куръерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолият ва нодавлат архивларни ташкил этиш бўйича фаолият турларидан хабардор этишни назарда тутувчи давлат хизматларини кўрсатиш паспортлари тасдиқланди. Бунинг натижасида мазкур хизматларга доир ортиқча тартиблар бекор қилинади.