"Бир йигитга қирқ ҳунар оз" бунинг учун бугун имконият етарлими?
– Набирам Тошкентдаги олийгоҳларнинг бирида ўқийди, – деди онахон. – Ёзги таътил пайтидан унумли фойдаланиб, тикувчиликни ўрганиши учун ўқув марказига олиб келяпман. Қиз бола бировнинг хасми, ҳозир ҳунарли бўлиб олса, турмушга чиққач, қийналмайди. Маълумоти билан давлат ишида ишласа, ўрганган ҳунари рўзғорида асқотади. Институтда ўқийдиган ўғил набирам ҳам бор. Бирор ҳунар ўргансин десак, йигитлар учун бирор қисқа муддатли ўқув курсини топмадик.
Рост. Мулоҳаза юритишга арзирли мавзу. Бугун қизларимиз учун рўзғор юмушлари, тикувчилик, тўқувчилик каби ҳунар ўргатувчи ўқув марказлари кўп. Аммо ўғил болалар учун-чи? Ўзингиз айтинг, Кореянинг "KOICA" халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва "Ҳунарманд" уюшмасидан ташқари йигитларга ҳунар ўргатувчи қисқа муддатли ўқув маркази борлигини эшитганмисиз?
"KOICA" касб-ҳунарга ўқитиш марказининг олти ойлик курсларида бир йилда 500 нафарга яқин ёшлар автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, электротехника ва электроника, ахборот технологиялари мутахассисликларини эгалламоқда.
– "KOICA" касб-ҳунарга ўқитиш марказини пайвандлаш мутахассислиги бўйича тамомладим, – дейди Ойбек Ўролов. – Бугун Самарқанд автомобиль заводида мутахассислигим бўйича ишлаяпман.
– Бугун уюшмамиз қошида 34 йўналиш бўйича 78 та "Уста – шогирд" мактаблари фаолият юритяпти, – дейди "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – Уларда 250 нафар йигит-қиз ўзи қизиққан йўналиш бўйича бепул ҳунар ўрганмоқда. Шундан 15 таси марказимизнинг ўзида. Айни пайтда "Уста – шогирд" мактабларида ёшлар қамровини кенгайтириш мақсадида туман ва шаҳар маҳаллаларида тарғибот ишларини олиб боряпмиз.
– Бир йилдан буён "Ҳунарманд" марказида уста Ҳабиб Турдиалиевдан наққошлик сирларини ўрганяпман, – дейди Шерзод Каримов. – Бу ерга илк келганимда устозим яратган маҳсулотларни кўриб, аввалига мен ҳам шундай жиҳозлар ярата оларканманми, деб кўнглимда иккиланиш пайдо бўлганди. Илк ясаган нарсаларим ўхшамади. Аммо бугун сополдан тарихий обидалар макетини ясаш, товоқларга нақш солиш ва шунга ўхшаш сувенирлар тайёрлашга қўлим келиб қолди. Меҳнатимга яраша ҳақ ҳам оляпман.
Булар яхши. Аммо маълумотларга кўра, бугун вилоятимизда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 1 миллион 800 мингдан зиёд. Шундан 500 мингга яқинини ўғил болалар ташкил этади. Табиийки, уларнинг ҳаммасини "KOICA" ёки "Ҳунарманд" уюшмасига жалб қилиб бўлмайди. Тўғри, болаларнинг бариси ҳунар ўрганишга кизиқмас ёки бошқа соҳаларда ишлашни хоҳлар, аммо 500 минг нафар йигитнинг 250 мингининг ҳунар ўрганишга иштиёқи бўлса, улар учун қанча ўқув марказлари керак?
Ишсиз юрган ёшлар бандлигини таъминлаш, улар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш бугуннинг долзарб масаласи. Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноят ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг асл сабаби уларнинг бандлиги таъминланмаганида. Агар бола бирор ҳунар билан банд бўлса, бекорчи нарсаларга вақти бўлмайди.
Бир танишим сартарошликка жуда қизиқади. У бир-иккита сартарошга шогирд тушгани борса, улар ҳозирча шогирд олишга эҳтиёжи йўқлигини ва шунга ўхшаш турли баҳоналар билан рад жавобини берибди. Агар ўша туманда сартарошликни ўргатувчи марказ бўлганида ҳунар ўрганишга иштиёқманд йигит сарсон бўлиб юрмас эди. Қўйинг-ки, 500 мингга яқин йигитлар орасида автомобиль, маиший техникалар, пойабзал таъмирлашга, ошпазликка қизиқувчилар камми? Нега шу каби ҳунар ўргатувчи курслар ташкил этилмаяпти?
Олим СОННИБОЕВ.