Бир йилда Самарқандда 5 046 нафар ёш тадбиркорликни бошлади

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури асосида бу йил вилоятда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 726 нафар ёш оила уй-жой билан таъминланди, 791 нафар талабанинг тўлов-контракт пули тўлаб берилди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган 18 804 нафар ёшларга 30,5 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 16 087 нафари ишга жойлашди, 5 046 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 21 минг нафардан ортиқ йигит-қиз доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратилди.

Тиббиёт соҳасида ҳам қувонарли натижаларга эришилди. Бу йил илк бор вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди. Шу пайтгача ўндан ортиқ бемор жарроҳлик йўли билан саломатлигини тиклади.

Вилоят кардиология марказида мингдан ортиқ бемор юрагида операциялар бажарилиб, ногиронлик олди олинди.

Худди шундай ўзгаришлар туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳам амалга оширилди. Республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий муассасалар 28,3 млрд. сўмлик замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиникага қиймати 1 млрд. 422 млн. сўм бўлган маммография ускунаси олиб келиниб, аёлларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларини эрта аниқлаш йўлга қўйилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Конституция қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан табригида айтиб ўтди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.