Битта овоз 30 минг сўм: Ташаббусли бюджет ё чикка, ё пукками?
Одамлар гавжум жой борки, «Сиздан битта овоз, биздан 30 минг сўм пул», қабилидаги гап-сўзлар тинмайди.
Айримлар бу нотўғри деган фикрга бормоқда. Нима эмиш – бундай адолатсиз йўл билан ғолиб бўлиш бошқаларнинг ҳақини поймол қилиш билан баробар. Бундан ташқари, аҳолиси кам, аммо инфратузилмаси ночор ҳолатдаги ҳудудлар нима килиши керак, деган иддаолар ўртага ташланади.
Бу фикрлар тўғри ёки нотўғрилиги юзасидан баҳслашмоқчи эмасмиз. Гарчи бу ерда ҳеч қандай қонун, жилла қурса, тартиб бузиш бўлмаса-да, норозилик борлиги рост. Лекин масаланинг моҳиятини, муаммони ҳал қилиш бу орқали бўлмаса бошқа йўли борлиги ҳақида ўйлаб кўрмаяпсиз-ку.
Мозийга қайтиб...
Аслан олганда жамият ҳаётида давлат бюджети муҳим, балки энг муҳим аҳамиятга эга. Аксар давлатларда у очиқ ва унинг сарфланиши бўйича ҳисобдорлик бор. Таассуфки, бизда йиллар давомида бунинг акси бўлиб келди.
Лекин Шавкат Мирзиёев президент бўлгач, давлат ва маҳаллий бюджетни муҳокама қилишда ва харажатларни тартибга солишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга эътибор берилди. Бу борада давлат раҳбарининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди.
Зотан, айнан ушбу қарорга асосланиб, Молия вазирлиги 2018 йилнинг декабрь ойида openbudjet.uz порталини ишга туширди.
Портал бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш имкониятларини ташкил этишни ўз олдига вазифа қилган бўлса-да, унда фаол муҳокамалар ва таклифларга кўзингиз тушмайди. Майли, бу энди алоҳида масала.
Харажатлардан 5, қўшимча даромадлардан 30 фоиз
Маҳаллий бюджетлардан айнан шу кўрсаткичдаги маблағлар жамоатчилик фикри асосида сарфланиши бугун унут бўлаётган маълумот.
Ҳа, ўша гавжум жойларда 30 минг бермоқчи бўлаётганлар сарфни қай мақсадга йўналтириш ҳақидаги фикримизни сотиб олишмоқчи (ёки олишмоқда).
Ёдингизда бўлса керак, Президентнинг 2021 йил 13 апрель куни «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, бюджет шаклланиши жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида шаҳар ва туманлар бюджетлари тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини (бироқ камида 6 миллиард сўм) жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди. Ушбу тартиб ҳар бир вилоятда битта туман ёки шаҳарда жорий қилинди. 2022 йил 1 январдан бошлаб эса мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида йўлга қўйилди.
Ҳа, ҳудудлар инфратузилмаси учун 2021 йилда республика бюджет маблағлари ҳисобидан шаҳар ва туманлар бюджетларига қўшимча 92,7 миллиард сўм ажратилди.
Кейинги йилдан ушбу маблағлар туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида назарда тутилди. Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизгача оширилди.
Албатта, ўтаётган йиллар давомида бу йўналишда яна турли ўзгаришлар бўлди. Масалан, «Менинг йўлим» лойиҳаси «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсумига қўшиб юборилди. Майли, булар энди бошқа масала. Муҳими, фуқароларга маҳалла, аҳоли пункти ва тумандаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳалари билан openbudjet.uz платформаси орқали мурожаат қилиш (ҳал қилиш эмас, унутманг!) имкони яратилди.
Бюджет амалдорларнинг пули эмас
Иқтисодчи телеграм каналида ёзилганидек, «Ташаббусли бюджет» амалда ҳокимликларнинг менежмент сифати паст бўлгани учун ҳудудларнинг реал муаммоларини топиш ва тузатишга қаратилган лойиҳа. У фуқаролар орасида «Давлат пулни қаерга сарфлаши яхшироқ?» деган саволни, муҳокамани олиб киролгани билан эътирофга лойиқ.
Рост, «Ташаббусли бюджет» орқали одамлар ўз овозининг аҳамиятини ҳис қила бошлади. Қолаверса, давлат бюджети амалдорларнинг эмас, халқнинг пули эканлигини тушуняпти.
Жамият ҳаётига дахлдорликни сезаётгани, энг муҳими, кўпчиликнинг бир мақсад йўлида уюшишни ўргангани рост. Ўзаро бирлашиш, ҳаракат қилиш, фидойилик ва жонбозлик кўрсатиш ҳам ташаббусли бюджет сабаб жамиятда яна бўй кўрсатмоқда.
Жамоатчилик давлат буюртмаси асосида бажарилаётган ишлар – таъмирлашдан тортиб бунёдкорликкача назорат қилишни ўрганяпти. Бунга фақат ва фақат ташаббусли бюджет сабаб бўлди.
Бундан буён «Ташаббусли бюджет» доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади. Режалаштирилаётган бу янгилик фикр юритилаётган лойиҳанинг аҳамиятини янада ошириши, жамоатчилик назоратининг кучайишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Овоз йиғиб устама оласан ёки ишсиз қоласан
Қизиғи, дастлабки вақтларда ташаббусли бюджетдан маблағ ажратилишига эришиш учун одамлар нималар қилмади?! Ўзи моҳиятан олганда ўзимиз тўлаган тўловлар орқали йиғилган пулдан қилинадиган харажатнинг 5 фоизини олиш эмас, бу ҳақда фикр билдириш имкони берилди. Майли, йиллар давомида қийнаб келаётган масалаларимизга орттирилган маблағдан 30 фоиз ажратилаётгани алоҳида масала. Асосий гап ўша 5 ва 30 фоизлик борасидаги фикрларни йўналтириш ёки ўзлаштиришга уринишларда.
Қайси ном билан аталмасин, овоз бериш жараёнида икки йўл билан аралашишни кузатиш мумкин. Биринчиси, амалдорлар томонидан мажбурлаш бўлса, иккинчиси жойларда одамларни қизиқтириш билан боғлиқ.
Зотан, айнан шу мақсадда 2022-2023 йилларда катта-катта «ҳангомалар» бўй кўрсатганди. Шу сабаб Президентнинг тегишли қарорига кўра, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади.
Минг афсуски, давлат раҳбари имзолаган ҳужжат бўлишига қарамай, ўтган йиллардаги «тажрибалар»дан ҳали-ҳамон сабоқ олинмаяпти. Оқибатда «Ташаббусли бюджет» доирасида овоз бериш бошлангандан яна мажбурий овозлар йиғилаётгани ҳақидаги хабарларга дуч келяпмиз. Масалан, айрим мактабларда ўқитувчиларга нечтадир овоз йиғиш мажбурияти қўйилгани, ўша овозни топмаса, шунга яраша пул бериш талаб этилаётгани янгилик бўлмай қолди.
Умуман, бюджет ташкилотларида бу масала алоҳида назорат талаб қилмоқда. Бироқ тегишли идоралар, хусусан, меҳнат инспекциялари негадир сукут сақлаб туришибди.
Ўша ташкилот раҳбарини ҳам тушуниш керак, агар шу сафар ғолиб бўлиб, таъмирлаш ёки қўшимча бино қуриш имконини қўлга киритмаса, бу масала яқин 8-10 йилда ҳал бўлмайди. Бу фикрни айтишга шошилманг, зотан мақсад эзгу бўлгани билан ноқонуний воситани ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
Овозингизни сотманг!
Жорий йилги мавсумда лойиҳа доирасида овоз бериш 16 мартдан бошланди. Хабарларга кўра, ҳар битта ташаббус учун максимум 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ сўраш мумкин.
Шу сабаб сўнгги 10 кун ичида «Битта овоз учун 30, 40 минг сўм пул» деган гап-сўзларни деярли ҳамма эшитди. Бунинг учун ёғ, салқин ва энергетик ичимлик ҳамда бошқа таклифлар ҳам топилди.
Эътиборлиси, жорий мавсумда «бир фуқаро - бир овоз» принципига ўтилганлиги ҳар бир овознинг нафақат нархини, шу билан бирга қадрини ҳам оширди. Чунки ўтган йилда 4-5 та овоз учун қилинган таклиф, жорий йилда битта овоз учун бериляпти.
Демак, тизим такомиллаштириляпти. Яна ўша гап, одамлар ўз овозининг қийматини, қадрини янада чуқур ҳис қилиб боряпти. Зотан, энди танлов қилиб бўлмайди. Масалан, иккита сим картангиз бўлса, бирини туғилган жойингиз, иккинчисини бошқалар учун ишлата олмайсиз. Ақлли овоз беришга тўғри келади.
Яъни, сиз учун таълимдаги муаммо муҳимми ёки соғлиқни сақлаш, балки йўлдаги аҳвол сизни кўпроқ қийнар. Аниқлик киритиб олгач, ўйлаб кўринг, бераётган овозингиз фойдали бўлишига кўзингиз етадими? Албатта, бу тавсия, холос. Ҳеч қайси жиҳати билан қизиқмасдан, 40 минг сўмни олгач, тўғри келган лойиҳага овоз бераётганлар истаганча топилади. Башарти шундай экан, «Э, шу опен бюджетчилар ҳам жонга тегди ёки бу ғирромку, нега бошқаларнинг овозини сотиб олиб, ютиб кетишяпти», дейдиганларга жавоб шу: кўнглингизни кенг қилинг, хоҳламайсизми, овоз берманг. Қонунга зид эмасми, қандини урсин!
Аҳолиси кам ҳудуд (ташкилот)чи?
«Ташаббусли бюджет» ҳақида гап кетганда аксарият ҳолларда шу савол ўртага чиқади.
Бюджетнома ва бюджет лойиҳасига кўра, 2024 йилда ташаббусли бюджетлаштиришга 7 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.
Қизиқ тарафи, жараёнларда ғолиб деб топилмаган, лекин кўп овоз олган лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 164,2 миллиард сўм, Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали 26,6 миллиард сўм, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги орқали 2,1 триллион сўм маблағ тақсимланган.
Яна ажойиб бир таклиф
«2023 йилда «Очиқ бюджет» ахборот порталига келиб тушган ва ҳар бири 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган лойиҳалар таҳлиллари асосида жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш харажатларига 2024 йил Давлат бюджети лойиҳасида маблағлар кўзда тутиш».
Демак, мавсумда кўп овоз олиб ғолиб бўлмаганларда имконият йўқолмаганини амалда кўриш мумкин бўлади.
Бунга «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорини қўшимча қилиш мумкин.
Ҳужжат билан фуқаролар ташаббуси жамғармасида 1 миллиард сўмдан кам маблағ шаклланган туман ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 миллиард сўм, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Умуман, «Ташаббусли бюджет»га старт берилгандан буён ҳар мавсумда мағлуб бўлган, аммо 2 мингдан ортиқ овоз олган ташаббусларга ҳам истисно тариқасида маблағ ажратилмоқда. Лекин бирор ҳужжатда доим шундай бўлиши белгиланмагани тўла ишонч бермайди.
Умид шуки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддилари жорий йилда бир фуқаро бир овоз тамойилини ишлатиб кўриб, ундан кейин катта механизмларни ёки кам фуқаро яшайдиган ҳудудларга бошқа йўлларни ўйлаб кўрилишини айтишган.
Кутамиз.
Хулоса
Аслини олганда қайд қилинганларнинг барчаси бюджет тақсимоти билан боғлиқ. Жойлардаги муаммолар ечимида фуқаролар иштирокини кенгайтириб бориш, яъни «Ташаббусли бюджет» учун ажратилаётган маблағларни босқичма-босқич кўпайтириш лозим.
Бундан ташқари, жойлардаги оғриқли масалалар ечими фақат шу лойиҳага боғланиб қолмаган. Уларга маблағ ажратишни маҳаллий ҳокимликдан қаттиқ туриб сўраш, бу борада қилинган, режалаштирилган ишлар бўйича ҳисобот механизмлари шаклланиши зарур.
Демак, кузда бўладиган сайловларни кутамиз...
Ёқубжон Марқаев тайёрлади.