“Биз “мусорчи” эмас, тозаловчи. Одамларнинг бизга муносабатидан дилимиз оғрийди”

Кимдир чиқиндини ҳафсаласизлик билан дуч келган жойга улоқтиради. Бошқа биров эса тонг саҳардан уни тозалаш билан овора.

Об-ҳавонинг қандайлиги, иш ёки байрам куни бўлишидан қатъий назар ободонлаштириш ходимлари доим шаҳарни ораста қилиш, соғлом ва тоза муҳитни яратиш учун тиним билмай ишлайди. Афсуски, ҳаловатидан кечган тозалик посбонларининг бу меҳнати ҳар доим ҳам қадрланавермайди.

Қаҳрамонимиз - Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маҳалласида яшовчи Тўйчихон Ҳайдарова. У 37 йилдан буён шу соҳада ишлаб, шаҳарнинг ободлиги учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

- Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати бўлади ва ана шундай касблардан бирини танлаганимдан афсусланмайман, - дейди 54 ёшли Тўйчихон опа. - Ободонлаштириш соҳасида ҳамма ҳам ишлайвермайди. Чунки маош кам, иш кўп. Лекин рўзғор тебратишга етади. Шу касбим ортидан икки ўғил, бир қизимни ўқитиб, уй-жойли қилдим. Кўчада башанг кийинган, қиммат машинада юрадиган одамларга ҳавас қилардим. Аллоҳга шукр, болалаларимни ҳеч кимдан кам қилмадим, ҳаётда ўз ўрнини топишди.

Бизга Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов ва Шоҳи Зинда кўчалари бириктирилган бўлиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум ушбу ҳудудларда 30 нафардан зиёд ходим билан меҳнат қиляпмиз. Ишимиз осон эмас. Ҳар куни тонг саҳардан белгиланган ҳудудларда тозалаш ишларини олиб борамиз. Шу билан бирга, баҳорда гул ва дарахтлар экамиз, ёзда газонларни кўкартирамиз, кузда барг-хазон мавсуми, қишда эса кўча ва йўлакларни қордан тозалаймиз. Хуллас, тўрт мавсумда ҳам бизга иш ҳар доим топилади.

“Айбимиз одамларнинг чиқиндисини тозалаганимизми?”

Тўйчихон опа билан суҳбатлашар эканмиз, аксарият ҳолларда одамларнинг ободонлаштириш ходимларига нисбатан муносабатидан ва уларнинг меҳнатини қадрига етишмаётганидан ранжишини айтди.

- Кўпчилик бизни "мусорчи" дейди, аслида биз тозаловчи, - дея кўзига ёш олади Тўйчихон опа. - Ҳозир шаҳримиз кўчаларида чиқинди қутилари ўрнатилган, махсус жойлар ташкил этилган. Аммо одамлар дуч келган жойга чиқинди ташлайди. Айбимиз уларнинг чиқиндисини тозалаганимизми? Шундай пайтда улар бизнинг ўрнимизга ота-онасини қўйиб кўришса, дилимиз қанчалик оғришини билади. Рости, бунақа ҳолатга кўникиб ҳам қолганмиз. Фарзандларим ёшим ўтганини, энди дам олишимни кўп айтишади. Лекин касбимни яхши кўраман, ишлашга ўрганиб қолганман. Насиб қилса, пенсияга чиқсам, ишимни якунлайман.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.