БМТ минбарида ўзбекона фазилатларимизга хос ташаббуслар билдирилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор муҳим ташаббус ва таклифлар баён этилгани билан эътиборли бўлди. Жумладан, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда диний эркинлик борасида вазият кескин яхшилангани, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш муҳим вазифа эканлигини қайд этди.

Дарҳақиқат, диний эркинлик бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ишлар халқимизга, шунингдек, халқаро жамоатчиликка яхши маълум. Бу ўринда диний масалалар бўйича махсус рўйхатда турган шахсларнинг ушбу рўйхатдан чиқарилгани, кўплаб диний маҳбуслар афв этилгани, янги масжидлар очилаётгани, диний таълим олиш учун имкониятлар кенгаяётгани, 2020 йилда АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотирга молик давлатлар” қаторидан олиб ташлаганини эслаш жоиз.

Ўзбекистондаги барқарорлик, давлат ва жамият тараққиётини мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ўзаро тотувлигисиз, 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналиш қилиб белгилангани ҳам бежиз эмас.

Муқаддас динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш иймон белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло муборак каломида “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (“Мумтаҳана” сураси, 8-оят), деб марҳамат қилган.

Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”, деб ёзган.

Давлатимиз раҳбари нутқида минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратиш бўйича эришилган ютуқлар, қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган аниқ таклиф ва режалар баён этилди.

Зеро бу халқимизнинг “Қўшнинг тинч - сен тинч”, деган нақлига тўла мос келади.

Аллоҳ тало Ўзининг китобида биз бандаларга кимларга яхшилик қилиш лозимлигини уқтириб, “Ва Аллоҳ таолога ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (“Нисо” сураси, 36-оят), деб марҳамат қилади.

Агар эътибор берсак, оятда ҳар бир тоифа зикр қилиниб, қўшни ҳақида уч маротаба қайта зикр қилинмоқда. Демак, шариатимиз кўрсатмалари бўйича ҳам қўшнининг ҳақи буюклиги ояти каримада зикр қилинмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ушбу сиёсат ҳам диний жиҳатдан, ҳам умуминсоний жиҳатдан тўла мос келишини таъкидламоқчимиз.

Бир сўз билан айтганда, давлатмиз раҳбарининг маърузасида қайд этилган барча масалалар ўзининг ўзбекона инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилганлиги, қатъий ва мағрур жаранглаши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.