БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянмадаги вазият бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади

Бугун, 2 февраль куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянмадаги вазият бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади, деб хабар қилмоқда Ғарб оммавий ахборот воситалари.

Учрашув ёпиқ, видеоконференцалоқа тарзида ўтказилиши кутилмоқда.

Мьянмадаги вазиятдан бир қатор мамлакат раҳбарлари, жумладан, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелл ўз хавотирини билдиришди.

Хабарларга кўра, 1 февраль куни тонгда ҳарбийлар Мьянманинг давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи, президент Вин Мйин ва бошқа юқори мартабали амалдорларни ҳибсга олган.

Мьянма ҳарбий телевидениеси мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинганлигини маълум қилди. Шунингдек, давлат тўнтариши натижасида мамлакатдаги давлат ҳукумати Мьянма Қуролли кучларининг бош қўмондони Мин Аунг Хлайнга ўтганлиги ва вице-президент Мьинт Шве вақтинча президент вазифасини бажарувчи бўлганлиги маълум бўлди.

Ҳарбийлар ҳибсга олиш ва бошқа ҳаракатлар мамлакатда 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган "сайловларни сохталаштириш"га жавобан ўтказилганлигини айтишди.