Бобур Ҳиндистонда чорвага қанча солиқ белгилаган?
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Шимолий Ҳиндистонда ўз салтанатини ўрнатгунга қадар Ҳиндистонда Шершоҳ томонидан жорий этилган солиқ тартиби амал қилган. Мазкур тизим ҳақидаги маълумотлар Бобурнинг “Мубаййин” асарида баён этилган. Бу асар шеърий тарзда ёзилган маснавийдир. У беш қисмдан иборат бўлиб, учинчи қисми, қонунлар ва солиқ тизимига бағишланган.
Ушбу китобда нафақат бобурийлар салтанати давридаги иқтисодий ҳаёт, балки темурий ҳукмдорлар давридаги иқтисодий ҳаёт ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Бобур 1526 йилда Шершоҳ Сур (1472-1545) ўрнатган солиқлар тизимини кўздан кечиради. Кўпчилик бошқарувчи (муқаддам)лар солиқнинг ёзма равишда, пул кўринишида бўлиши учун мурожаат қилишса, бошқа табақа вакиллари натура шаклида бўлишини сўраб мурожаат қилган.
XIII асрдан ХVIII асрнинг ўрталаригача хирож маҳсул, мол, мол-у жиҳат атамалари билан бир ўринда ифодаланган. “Закот ҳақидаги китоб”да закот солиғи 4 турга бўлинган. Хирож ҳосил кўп бўлган йиллар икки марта олинган.
Масалан, ер икки марта ҳосил берса, деҳқон икки марта солиқ тўлаган. Аҳолидан ернинг қандай кўринишда бўлиши ва қандай маҳсулот экилишига қараб ўлпон олинган. Қизиқарли жиҳати шундаки, Бобур ҳам хирожни иккига бўлган. Камбағал деҳқонлар ер солиғидан ташқари яна мевали боғлар учун ҳам 1/10 қисмда маҳсулот солиғи тўлаган. Мабодо, улар ўрмондан асал ва мева йиғиб олса, иккаласи учун ҳам ушр берган.
Лалмикор, қўриқ ерлар, қамиш ўсадиган ерларда деҳқончилик қиладиган ерлардан солиқ олинмаган.
Шоҳжаҳон томонидан 1654 йилда чиқарилган фармонга кўра, жоғирдорлар солиқлардан озод қилинган.
«Мубаййин» китобининг “Савайи баён” қисмида чорва маҳсулотлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Чорва (от, туя, эчки, қўй, сигир) бир ёшга киргандан кейин, қўйлар сони 40 тага етганда чорвадорларга солиқ олинган. Қўй ва эчкилар учун ўлпон бир хил бўлган. Шохли моллар ва сигирлар учун ҳам солиқлар 40 бош учун 1 бош шаклида олинган. Токи 121 бош бўлгунча, шундай тизим давом этган. 121 бош бўлганда 2 бош, 201 бош бўлса 3 бош қўй солиқ сифатида тўланган.
Мазкур тизим 400 бош бўлгунча давом этган. Агар 400 бош бўлса, ҳар бир 100 бош учун 1 бошдан, 4 бош олинган. Бу сиёсат 10 минг бўлгунча ўзгартирилмаган. Эчки учун ҳам закот шу тарзда олинган. Йирик шохли чорвалар 30 бошга етгандан кейин, ҳар бир 3 ёшли чорвадан тўлов талаб қилинган. 60 бош учун 2 бош, 5 туядан 1 бош, 10 бошдан 2, 15 бошдан 3 та қўй олинган. 26 туядан 1 та уч ёшли, 46 туядан тўрт ёшли, 61 туядан беш ёшли туя олинган. Бобур даврида савдо пул (кумуш ва олтин) билан амалга оширилган.
Ҳиндистонда Бобурийлар ўрнатган тартиб-интизом натижасида савдо-сотиқ жонланди, нарх-наво тизими халқ ва давлат томонидан белгиланди.
Суннатилла ЖУМАНОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий кутубхона бўлими бошлиғи.