Анталия соҳилларида ҳалокатга учраган 2000 йиллик кемадан ноёб тарихий ашёлар топилди

Туркиянинг Кумлужа туманидаги Адрасан яқинида 33-46 метр чуқурликдан топилган кема қолдиқлари мутахассислар томонидан жаҳон сув ости археологиясидаги янги кашфиёт сифатида баҳоланмоқда.

Унинг сопол идишлар, косалар ва товоқлардан иборат юки 2 минг йил давомида сув остида қолганига қарамай, деярли ўз ҳолатини йўқотмаган.

Ҳалокатга учраган “Керамик кема” ўша даврда Ўрта ер денгизида кенг ишлаб чиқарилган юзлаб шарқий сигиллата сопол буюмлари, юқори сифатли қизил сирли идиш-товоқлар ташиган. Ушбу кашфиёт, тахминан 25 хил дизайнга эга бўлган, ниҳоятда мустаҳкам керамика идишлари билан илмий жамоатчиликни ҳайратда қолдирди. Керамикалар ташиш пайтида ҳимоя қилувчи қатлам сифатида лой билан қопланган ва устма-уст жойлаштирилган. Ушбу қадимий техника 2 минг йил ўтиб ҳам қум қатламлари остида деярли мукаммал ҳолатда сақланишига ёрдам берди. Керамика қолдиқлари ўзининг ғайриоддий сақланганлиги билан дунёда ноёб ҳисобланади. 

“Товоқ ва косалар асл ранглари ва юзаки тузилишлари билан бугунги кунгача сақланиб қолган бўлиб, бу 2 минг йил олдинги ишлаб чиқариш ҳамда қадоқлаш техникалари ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этмоқда”, деди кемани кўздан кечириш учун сувга махсус шўнғиган Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой.

У қолдиқларни “нафақат Туркия учун, балки бутун дунёнинг умумий маданий мероси учун улкан аҳамиятга эга бўлган кашфиёт”, деб баҳолади ва ҳозирда асарлар Анталиядаги Ҳудудий реставрация ва консервация лабораториясида эҳтиёткорлик билан сақланаётганини таъкидлади.

Сув ости тарихини намойиш қилувчи янги музей

Ушбу ноёб кашфиётни бутун дунё билан баҳам кўриш мақсадида Туркия, олдин эълон қилинганидек, Кемер-Идирос ҳудудида махсус Акдениз сувости археология музейини барпо этади. Вазир Эрсойнинг сўзларига кўра, музейнинг дизайн босқичи якунланган ва қурилиши жорий ойда бошланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Анталия археология музейи “Тунги музейлар” лойиҳаси доирасида ёз ойи давомида соат 22:00гача очиқ бўлади. Музейнинг бир қисми сув ости археологиясига бағишланади. 


Маданий меросни муҳофаза қилиш мажбуриятини олган Туркия сўнгги вақтларда археология соҳасида жаҳон етакчисига айланди. Мамлакат 2024 йилни “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида “Археологиянинг олтин даври” деб эълон қилди, бу лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб тўрт фасл давомида археологик тадқиқотларни кенгайтиради. Ушбу ташаббус доирасида ўтган йили қазиш ишларининг сони 765 тага етган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткични 800 тага етказиш мақсад қилинган.

Ҳам илмий, ҳам туризм нуқтаи назаридан муҳим кашфиётлар

Туркиянинг маданий меросини муҳофаза қилишга қаратилган ушбу кенг қамровли ҳаракат денгиз остида ҳам йўлга қўйилиб, Туркияни сув ости археологиясида кашшофга айлантирмоқда. 2025 йилдан бошлаб тўртта қазиш ишлари, учта музей бошчилигидаги сув ости қазишмалари ва учта қўшимча сув ости тадқиқот миссиясини йўлга қўйиш орқали денгиз археологиясига тизимли ва барқарор ёндашуви мустаҳкамланди. Вазир Эрсой “Биргина Патарадан Мерсингача бўлган йўлни ўзида 400 дан ортиқ кема ҳалокати аниқланди. Олимларимиз бу жойларда шиддат билан текширув ишларини олиб бормоқда. Бу кашфиётлар нафақат илмий нуқтаи назардан муҳим, балки туризм учун ҳам катта имкониятлар яратади”, деди.

Зилола тайёрлади.