Бобур суратдагидeк бўлганми?

Буюк бобокалонларимизнинг кўпчилиги, аниқроғи, шахсияти ҳақидаги бугунги маълумотлар чалкаш. Айрим ҳолларда эса ўта ишончсиз кўринади...

Масалан, темурийлар сулоласининг ёвқур давомчиси бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Тўғри, Бобур ўта машҳур тарихий шахс. У 1483 йили Фарғона водийсида туғилган ва 1530 йили вафот этган. Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳам тарих, ҳам адабиётда, ҳам ҳарбий соҳада муҳим аҳамиятга эга.

Етук саркарда

12 ёшида тахтга ўтирган темурий шаҳзода дастлаб Фарғона, сўнг Самарқанд ва шу каби бошқа минтақаларда ҳам ўз давлатини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Кейинроқ, 1526 йилда Деҳли ва Аграни босиб олиб, Бобурийлар сулоласининг асосчиси бўлган. Шу тариқа янги давлат — Бобурийлар империяси барпо этилган.

Бобур ўз давридаги яхши ҳарбий раҳбарлардан бири бўлган. Унинг юришлари ва ғалабалари замонавий ҳарбий тактика ва артиллериядан самарали фойдалангани билан ажралиб туради. У ўз даври учун янги ҳарбий стратегия ва тактикани ишлаб чиқа олган. Унинг жанг тактикаси борасидаги билимлари, янги уруш технологияларидан фойдаланиш, жанг майдонидаги режалаштириш қобилияти — қўл остидаги қўшинини ҳар доим рақибдан бир бош баланд қилиб келган.

У “Бобурнома” асарида ўз ҳаёти, жумладан юришлари ҳақида самимий ва батафсил баён қилади.

Беназир ижодкор

Маълумотларга кўра, Бобур ҳаётлик чоғида иккита девон тузган. Уларнинг бирига Мовароуннаҳр ва Афғонистонда, иккинчисига эса, Ҳиндистонда ёзган шеърлари киритилган. Бу ҳақда “Бобурнома”нинг милодий 1519 йилдаги (ҳижрий 925 йил) воқеалар баёнида тўхталиб: “Ҳофиз Мир котибнинг оға-иниси Самарқандин келиб эрди, бу фурсатта Самарқандға рухсат бериб, Пўлод Султонға девонимни юбордим”, дейилади.

Бобур девони Шарқ мумтоз лирик жанрлардаги асарлар мажмуасидан иборат тўплам. Ҳозирги кунгача дунё қўлёзма фондлари ва кутубхоналарида Бобур девонининг 9 та қўлёзма нусхаси борлиги аниқланган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг энг муҳим ва энг йириги бўлган "Бобурнома" асари Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон халқлари тарихи, георафияси, этнографиясига оид нодир ва қимматли маълумотларни ўз ичига олгани баробарида, ўша давр ўзбек классик адабиёти ва адабиий тилининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Ибратли ўсмир

Аслида Бобурнинг машаққатли ва мураккаб ҳаёт тарзи ҳар доим авлодлар, ёшлар учун ибрат мактаби. Зотан, Заҳириддин Ватандан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлганида ҳали 19 ёшда бўлган. Афғонистон, бугунги Покистон, Бангладеш ва Ҳиндистоннинг каттагина қисмини эгаллаб катта давлат қурганида ҳали 25 ёшда бўлгани ҳаёт ҳақидаги қарашларимизни, орзу-мақсадларимизни бир назардан ўтказишни талаб қилади.

Меҳрибон ота

Манбаларда Бобур Мирзо бениҳоя меҳрибон ота бўлгани таъкидланади. Гулрангбегим, Гелчеҳрабегим ва Гулбаданбегим. Ҳар бир қизига гул билан бошланувчи исм қўйганининг ўзиёқ фарзандларига муносабатининг яққол ифодаси, деб ўйлайман. Ҳумоюн, Комрон, Мирзо Аскарий ва Ҳиндолни еру-кўкка ишонмагани шубҳасиз.

Шу ўринда бир жиҳат, қаттиқ касал бўлган Ҳумоюн учун ўз жонини олишини сўраб Яратганга илтижо қилиши учун, билмадим, қандай инсоний фазилатга эга бўлиш керак? Шубҳасиз, бундай такрорланмас меҳрибонлик, айни дамда мардлик Бобурнинг шахсиятини янада ёрқинроқ акс эттиради.

Суратдаги Бобурлиги ростми?

Бугун бизга кўрсатилаётган расмларда буюк саркарда бобомиз Жавоҳарлал Неру айтмоқчи “Дилбар шахс”, сифатида гавдаланади. Яъни суратларда у кенг яғринли, Соҳибқирон бобоси сингари мушакдор қилиб тасвирланмаган. Ваҳоланки, манбаларда Бобур ҳар катта дарёни кўрганида ёдига кўндалангига кесиб ўтган дарёлари келганлиги таъкидланган. Бобурномада ҳам Ҳиндистондаги катта дарёларга шўнғиб, қарарама-қарши соҳилдан чиққанлиги ҳақида тасвирлар бор. Ҳеч қачон мақтанчоқлик қилмаган аждодимизнинг бу гаплари реал фактлиги тайин.

Яна бир мисол, Бобур ҳали 17-18 ёшидаёқ икки қўлида икки йигитни кўтаролган. Воқе шундай бўлган: “Бобур икки аскарини қулочлаб олиб Самарқанд деворидан югуриб ўтиб кетди”.

Оилада у болалигидан “Бобур”, “Бобуржон” деб эркалаб чақирилган, бу эса аста-секин исм сифатида мустаҳкамланган. Яъни, бу номни бирор шоир ёки устоз махсус “тахаллус қилиб қўйган” эмас — халқона лақаб сифатида пайдо бўлиб, кейин тарихий номга айланган. Илмий манбаларда бу ном одатда форсча “бабр ёки бабур” сўзидан келиб чиққан, деб изоҳланади ва “йўлбарс” деган маънони англатади.

Нерунинг баҳоси — “Дилбар шахс” қаерда учрайди?

Неру ўзининг машҳур тарихий-фалсафий асари — “Ҳиндистонни кашф этиш” (“Тҳе Дисcоверй оф Индиа”) китобида Бобур ҳақида алоҳида тўхталади.

Китобида у Бобурни: кучли саркарда, зийрак кузатувчи, табиат ва гўзалликни севувчи инсон, самимий ва очиқ феълли ҳукмдор сифатида таърифлайди.

Неру Бобур шахсиятини тасвирлар экан, унинг хотираларида яъни “Бобурнома”да намоён бўладиган инсонийлик, сезгирлик ва ҳаётга муҳаббатни алоҳида таъкидлайди. Шу боис, у Бобурни қуруқ истилочи эмас, балки мафтункор (дилбар), маданиятли шахс сифатида кўрсатади.

Тадқиқотчилар Нерунинг ушбу тавсифини кўпинча “жозибадор шахс”, “ўзига тортадиган феъл-атворга эга инсон” — “чарминг персоналитй” мазмунида талқин қиладилар.

Нима учун Неру Бобурни шундай баҳолаган?

Нерунинг фикрича, Бобурни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳатлар: у ўз даври ҳукмдорларига хос бўлмаган даражада ўзини очиқ ёзган. Шеърият, боғдорчилик, меъморчилик ва табиатни севган. Ҳиндистонда кейинчалик буюк цивилизацияга айланган Бобурийлар давлатига асос солган.

Шу сабаб Неру Бобурни тарихий шахс сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам юқори қадрлайди.

Ўйлашимча, Жавоҳарлал Нерунинг “дилбар шахс” тарифи Бобурнинг ички оламига нисбатан айтилган. Бунга эътироз бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо Заҳириддин Муҳаммаднинг ташқи кўриниши, жисмоний ҳолати суратдагидан фарқли бўлиши мумкин!?

Ҳафиза АСЛАНОВА

СамДЧТИ доценти,

Отабек УМИРОВ

СамДЧТИ талабаси.