Боғча болаларининг пахта даласига нима учун чиқарилгани ўрганилди

"XorazmNews" Телеграм каналида тарқалган ҳудуд билан боғлиқ навбатдаги масалага ойдинлик киритилди.

Хабарда “Боғча болалари пахта даласига олиб чиқилибди. Мақсад нима? Бу борада соҳа масъулларидан расмий изоҳ кутиб қоламиз”, дейилган эди.

Шундан сўнг мазкур ҳолат Хоразм вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўрганилди ва дастлабки расмий баёнот эълон қилинди.

Аниқланишича, Урганч тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфида бўлган 12-мактабгача таълим ташкилоти тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Муяссар Отожонова 2019 йил  22 октябрь куни соат 11:30 ларда таълимий тасдиқланган иш режага асосланиб, “Ўзбекистоннинг оқ олтини” мавзусида машғулот олиб борган. Шундан кейин ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш ва болаларда тасаввур ва реаллик уйғунлигини таъминлаш мақсадида белгиланган иш режасига (ўқув режаси) мувофиқ гуруҳ тарбияланувчиларидан 14 нафарини Қайчили махалласида жойлашган “Иброҳим Фарида” фермер хўжалиги пахта даласига саёҳатга олиб чиққан.

Маълум қилинишича, мактабгача таълим ташкилоти билан пахта даласи оралиғидаги масафа 60-80 метрни (бола қадами билан юрилганда 4-6 дақиқалик масофа) ташкил этади.

Шунингдек, тарбиячи болаларни МТТдан ташқарига олиб чиқиш жараёнида маҳалла профилактика инспектори ёрдамчиси (посбон) билан барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширган.

Шу билан биргаликда мактабгача таълим бошқармаси томонидан ушбу ҳолат албатта ота-оналар билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилиши кераклиги таъкидланган ҳамда вазият юзасидан қўшимча ўрганиш ўтказилиши маълум қилинди.

"Ҳурматли ота-оналар, интернет фойдаланувчилари, блогерларимизга юзланган ҳолда воқеанинг пахта йиғим-теримига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирамиз ҳамда ушбу вазиятни нотўғри талқин қилмасликни сўраб қоламиз", дейилади расмий баёнотда.