Божхона назорати коррупциядан холи тизим бўлиши керак

9 декабрь – Халкаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида божхона органларида  коррупцияга қарши кураш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Унда вилоят божхона бошқармаси масъуллари, божхона ходимлари ҳамда уларнинг яқинлари иштирок этди.

Дастлаб вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Муҳаммадиев сўнгги йилларда божхона тизимини коррупциядан холи механизмга айлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, бугунги кунда божхона хизматларининг асосий қисми рақамлаштирилган бўлиб, аксарият хизматлар инсон омилисиз бажарилмоқда. Шунингдек, тадбир давомида ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ кузатилган айрим салбий ҳолатлар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Тизимда хизмат қилаётган барча ходимларда, айниқса ёш кадрларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида ходимларнинг яқинлари билан ҳам ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шундан сўнг вилоят божхона бошқармаси хавфсизлик гуруҳи раҳбари Равшан Акбаров жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд халқаро аэропортида “Масофавий божхона назорати” тизими бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Шу йилнинг 5 декабрь ҳолатига 7023 та авиарейс амалга оширилди, – дейди Р.Акбаров. – Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 400 тага кўпайган бўлса, 1 миллион 344 минг нафардан зиёд фуқаро аэропорт орқали ҳаракатланди ва бу 10 фоизга ошди.

Божхона постида ҳуқуқбузарликлар ҳам қайд этилган. Йил бошидан буён 790 дан зиёд ҳолатда қиймати 13 903,8 миллион сўмлик моддий бойликлар вақтинча сақловга олинди. “Масофавий божхона назорати” тизими доирасида эса 2220 нафардан зиёд йўловчи “қизил” йўлакка йўналтирилиб, 1100 нафардан ортиғида хавф ўз тасдиғини топди ва 2419,1 миллион сўм ундирилди.

Тадбир давомида тизимда фаол хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимларининг яқинларига ташаккурномалар топширилди. Шунингдек, иштирокчилар “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида йўловчи ва ходимлар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди.