Болалигида ақли заиф деб ҳисобланган буюк инсонлар
Баъзи бир буюк инсонларни болалигида ҳатто яқин одамлари қолоқ деб билган. Қуйида биз улар ҳақида баъзи бир далилларни келтирмоқчимиз. Улар билан танишгач, балки фарзандларингиз ва набираларингизнинг қобилиятига бошқача назар ташлайсиз.
Альберт Эйнштейн – назарий физик, Нобель мукофоти совриндори
У 3 ёшигача гапирмади, кейин яна 4 йил гапини эплаб айта олмасликдан азият чекди. Шифокорлар боланинг ақли заифлигини айтишди. Унинг биринчи айтган ибораси “шўрва жуда иссиқ” бўлди. Ниҳоят фарзандлари гапга кирган ота-она хурсанд бўлишди. Улар бола нега узоқ вақт давомида жим турганлигини билишга шошилганида фарзанд “шу кунгача мени ҳамма нарса қониқтирарди”, дея жавоб берди.
Ушбу воқеадан сўнг узоқ вақт давомида сукут сақлаган болаларга “Эйнштейн синдроми” ташхиси қўйилади.
Томас Эдисон – фонограф (товушни ёзиб оладиган ва қайта эшиттириб берадиган асбоб) яратди
Шунингдек, у телеграф, телефон ва лампочкани такомиллаштирди. Бундан ташқари, айнан у телефондаги суҳбат бошида “Алло” сўзини ишлатишни таклиф қилди.
Болакай бирор бир қобилияти билан ажралмасди. У мактабда ёмон ўқир эди. Тўрт ойлик машғулотдан сўнг ўқитувчилар бола ривожланишда орқага қолаётганига шубҳа қилганлиги сабабли онасига уни мактабдан олиб кетишни маслаҳат беришди.
Бу муаммолар унинг буюк бўлишида тўсқинлик қилмади.
Владимир Маяковский – XX асрнинг таниқли ёзувчиси
Бола дислексия (ўқиш ва ёзиш қобилиятини ўзлаштиришда қийналиш)дан азият чекарди. Владимир мукаммал ўқий оларди, диққати ва хотираси яхши эди. Аммо хат саводини ўзлаштира олмас эди. Шеърларидаги тиниш белгиларини эса ёзувчи-публицист Осип Брик қўйиб чиқарди.
Мавжуд нуқсонлари унинг машҳур ва истеъдодли бўлиб танилишига тўсқинлик қилмади.
Исаак Ньютон – физик, математик астроном ва механик
Бола муддатидан олдин туғилган. Оёғи ҳам кеч “чиққан”, ундан ҳам кеч гапирган. Кўпчилик уни ривожланишда орқада қолган деб ҳисоблашарди. Ҳеч ким даҳолик қобилиятига эга бу бола кўп қиррали йигитга айланади, деб ўйламаган эди.
Константин Циолковский – файласуф, ўқитувчи, назарий космонавтика асосчиси
Йигитча гимназиядан ҳайдалди ва девона, ахмоқ, ҳатто оддий муаммоларни ҳам ҳал қила олмайдиган ақли заиф бола сифатида танилган. Бироқ, ҳаёт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйди.
Людвиг ван Бетховен – бастакор ва пианиночи
Классик мусиқанинг етук сиймоси. Ушбу истеъдодли инсон ҳақида эшитмаган одамни топиш қийин.
Аммо боланинг ўқитувчиси уни мутлақо уқувсиз ва нўноқ деб ҳисоблаган.
Дмитрий Менделеев – кимёгар олими ва педагог
У биз ҳозирда фойдаланиб келаётган кимёвий элементларнинг даврий жадвалини яратди.
Ажабланарлиси, болакай Дима кимё фанидан қатъий 3 баҳо оларди.
Бу дунёда имконсиз нарса йўқ. Истеъдодсиз одамлар ҳам йўқ. Муҳими, бу истеъдодни топа олиш ва уни ривожлантириб боришда. Кичкинтойларингизни тез-тез мақтанг, рағбатлантиринг ва илҳомлантириб боринг. Улар албатта ҳаётда муваффақият қозонади!
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.