Бўш турган давлат мулки объектларидан қачон самарали фойдаланамиз?
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоятдаги бўш турган давлат мулки объектларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш масалалари муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Уни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов олиб борди.
Муҳокамада вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, соҳага алоқадор корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда 300 нафарга яқин мулкдорлар иштирок этди.
Дастлаб илгари хусусийлаштирилган корхоналарнинг бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари фаолиятини тиклаш, бундай объектлар эгалари - тадбиркорлар билан биргаликда лойиҳаларни, йўл хариталарини ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш, мазкур объектларни ишга тушириш чорасини кўрмаган мулкдорларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш ҳолатларига тўхталиб ўтилди.
Тегишли қарорлар асосида давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида сотиш, олди-сотди шартномаларига асосан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши устидан олиб борилаётган мониторинг, шунингдек, давлат мулки бўлган биноларни ижарага бериш борасида амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида гапирилди.
Муҳокама якунида Самарқанд шаҳри ҳудудида мазкур масала юзасидан 4 та ишчи гуруҳ ўрганиш олиб бориши, гуруҳ аъзолари мулкдорларга объектларни ишга тушириш чорасини кўришига кўмаклашиши белгиланди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.