Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов: Кўҳна кентда йирик бунёдкорлик амалга оширилади 

Президентимиз 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятида бўлиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида жорий йилда амалга ошириладиган ишларни таҳлил этиш, бу ҳақда халққа мурожаат қилиш, муаммоли масалаларга ечим топиш мақсадида вазирлик ва давлат қўмиталари раҳбарлари ўн кун вилоятда иш олиб боришлари зарурлигини таъкидлади. 

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, уй-жой ва коммунал хўжалиги масалалари комплекси таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари айни кунларда туман ва шаҳарларда бўлиб, йил давомида амалга ошириладиган ишларни таҳлил қилмоқда. 

Бугун бу ҳақда самарқандликларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, комплексимиз таркибидаги вазирлик ва идоралар томонидан бевосита одамлар кайфиятига таъсир кўрсатадиган, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудларини ободонлаштириш, йўлларни қуриш ва таъмирлаш, ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш, транспорт хизматларини ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, барча объектларда қурилиш сифатини назорат қилиш, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва қайта ишлаш каби муҳим тадбирлар бизнинг зиммамизга юклатилган. 

Шулардан келиб чиқиб, аввало, вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида маҳаллалар кесимида мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқдик ва амалга оширишимиз зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб олдик. 

Ташриф давомида қайд этилганидек, шу йилнинг ўзида вилоятда 6 минг 654 хонадонли 150 дан ортиқ кўп қаватли уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилади. Масалан, давлат ипотека дастури доирасида 3 минг 444 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, шунингдек, Паст Дарғом, Ургут, Пахтачи, Оқдарё ва Булунғур туманларида ипотека кредит бериш тизими асосида 500 та якка тартибда уй-жой қурилади. Тадбиркорлар томонидан 2 минг 710 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилади.  

Ўн кун давомида Самарқанд шаҳрининг Қорасув, Ширин ва вокзалорти ҳудудларида замонавий турар жой мажмуалари барпо этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари барча вазирликлар масъуллари ва мутахассислар билан жойига бориб, ўрганган ҳолда ишлаб чиқилади. Шундан сўнг бу ишларга жадал киришилади. Яъни, вокзалорти ҳудудида келгуси йилдан бошлаб, босқичма-босқич 3 мингга яқин эски, бир қаватли уйлар ўрнида 28 минг 500 хонадонли 474 та кўп қаватли уй қурилиши бошланади. Аммо йил якунигача Қорасув массивида 3 минг 500 та хонадонли 29 та 16 ва 25 қаватли уйлар қурилиши ташкил этилади. 

915 та қишлоқ ва маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жами 1 триллион 805 миллиард сўмлик ишлар бажарилади. 692 миллиард сўм маблағ ҳисобига 856 та маҳалла ва қишлоқнинг 1 минг 188 километр узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинади ва таъмирланади. Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробар кўпдир. 280 километр тупроқ йўлларга шағал ётқизилади, 760 километр йўллар асфальт-бетон қопламали йўлларга ўтказилади. 

Эътиборлиси, йил давомида 35 та кўприк қайта қурилади ва таъмирланади. Хусусан, Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида янги тоннел, М-39 автомагистралидаги (Эшкак эшиш канали олдида) монолит усулидаги янги йўл ўтказгич, Зарафшон дарёси устида Самарқанд шаҳрининг Ширин массиви билан боғловчи янги кўприк қурилади ва Бўстансарой кўчасида Сиёб канали устидан ўтган кўприк реконструкция қилинади. 

Дарвоқе, шуни ваъда ўрнида айтмоқчиман: шу йилнинг октябрь ойи ўрталаригача самарқандликларнинг минглаб эътирозларига сабаб бўлган, жайдари айтганда энсасини қотирган Рудакий кўчаси тўлиқ, коммуникация тармоқларида ҳеч қандай муаммоси бўлмаган тарзда фойдаланишга топширилади. Бу пайтгача кўприклар қурилади, йўллар кенгайтирилиб, асфальтланади ва албатта “Сиёб – Темирйўл” трамвай йўналиши қатнови қайта тикланади.

Жорий йилда 210 та маҳалла ва қишлоқларда республика бюджетидан ажратилган 269 миллиард сўм маблағ ҳисобига 658 километр ичимлик сув тармоқлари тортилади ва 91 та сув иншоотлари қурилади. Натижада 214 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 270 минг нафар аҳоли ёки 57 минг оиланинг ичимлик сув таъминоти яхшиланади ҳамда таъминланиш даражаси 58 фоиздан 63 фоизга етказилади. 

Инвестиция дастурига киритилган 130 та объектда республика бюджетидан ажратиладиган 1,5 триллион сўмлик маблағлар ҳисобига қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли ва ўз муддатида бажарилиши таъминланади.  

Транспорт қатнови бормаган 61 та маҳаллага тўлиқ транспорт ҳаракатланиши йўлга қўйилади, 11 та янги ички автобус йўналишлари очилади ва 366 та янги автобус ва микроавтобус олиб келиниб, йўналишларга қўйилади. 

Умуман олганда, комплексимиз таркибидаги вазирлик ва ташкилотлар томонидан жорий йил якунига қадар вилоятда 18 мингта янги иш ўринлари яратилиб, ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланади. 

Президентимиз вилоят фаоллари йиғилишида “Бош мақсадимиз одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиш бўлиши керак”, деб алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда биз вилоятдаги қурилиш ишлари ҳажми, шаҳарлар, туман марказлари ҳамда қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш, коммунал соҳа – ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш, йўллар қурилиши, транспорт хизмати, қўйингки барчасини сифатли амалга оширишни олдимизга мақсад қилганмиз. Насиб бўлса, йил якунигача вилоятда, айниқса, Самарқанд шаҳрида улкан бунёдкорлик ўз аксини топади. Бундан эса аҳоли баҳраманд бўлади, яхши яшаш учун шароитлар, қулайликлар, имкониятлар яратилади.