Ботирхон Валихўжаев: "Хожа Аҳрор Валининг фазилатларидан ибрат олган кишилар панд емаган"

Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, адабиётшунос олим Ботирхон Валихўжаев (суратда чапдан учинчи)нинг туғилган куни.

Б.Валихўжаев 1932 йил 1 апрелда Самарқанд шаҳрида туғилган.

Самарқанд давлат университетида таҳсил олган. Шу олий даргоҳда ўқитувчи, факультет декани ўринбосари, декан, тожик тили ва адабиёти кафедраси, ўзбек адабиёти тарихи кафедраси мудири, проректор лавозимларида меҳнат қилган.

Б.Валихўжаевнинг илмий ишлари адабиёт тарихи, адабиётшунослик, адабий алоқалар, тасаввуф ва унинг намояндалари, Самарқанд адабий ва илмий муҳити тарихи, Ибн Сино, Низомий, Жомий, Навоий каби олим ва мумтоз шоирларнинг ижодига бағишланган. "Ўзбекистан адабий-танқидий қарашлари тарихидан", "Ўзбек эпик поэзияси тарихидан", "Навоий ижоди - илҳом манбаи", "Хожа Аҳрор Вали", "Хожа Аҳрор тарихи" каби илмий асарлари ва бир нечта ўқув қўлланмалар муаллифи.

Ботурхон Валихўжаев 2005 йил 25 августда вафот этган.

Қуйида адабиётшунос олимнинг "Хожа Аҳрори Вали" китобидан парча ўқийсиз.

***

Хожа Аҳрорнинг фазилатлари, мероси ва ақидалари

Хожа Аҳрор доим суҳбатдошлар билан бўлишни хоҳлар, шахсан меҳнат қилар, ота сифатида фарзандларига панд-насиҳат берар, бошқаларнинг манфаатларини ўзининг манфаатларидан устун қўяр эди. Айтилганларнинг исботи учун Хожа ҳазратлари ҳаётидан айрим лавҳаларни келтириш мақсадга мувофиқдир.

«Бир кун Хожа ҳазратлари ўз яқинлари билан Дашти Аббосга бордилар, – деб ёзади Муҳаммад Қози. - У жойлар шайх Абусаъид экинзорлари бўлиб, уларнинг ҳосили пишиб етилган эди. Шайх Абусаъид Хожа ҳазратлари ҳузурига келиб доимо меҳмондорчилик қиларди. Бу орада пишиб етилган ҳосилга қарамади ва ўз одамларининг уларни йиғиштиришларига ҳам рухсат бермади. Хожа ҳазратлари шайх Абусаъидга қараб: пишиб ётган ҳосилни йиғиштириб олинг, биз билан бўлиб қолиб, улар нобуд бўлмасин, деб айтсалар-да, шайх бунга эътибор бермасди. Бу ҳақда қанчалик гапирмасинлар, шайх Абусаъид индамасди. Шундан сўнг Хожа ҳазратлари ўз яқинлари билан у ердаги ғаллани ўриб олдилар, уни янчдилар ва тайёр ғаллани шайх Абусаъидга юбордилар. Хожа ҳазратлари айтдиларки, шайх Абусаъид жуда бой эмаски, ҳосилнинг нобуд бўлиши унга таъсир қилмаса, аммо у бизга нисбатан одобни сақлаб, биз бу ердалигимиз вақтида бу ишни амалга оширишни лозим кўрмади».

Бу ҳаётий лавҳа Хожа ҳазратлариниг шахсий фазилатларидан бирини – бевосита меҳнат қилиш ҳамда бировнинг манфаатини кўзлаш ва уни хурсанд қилишга интилишни намоён этади.

Ёки яна бир мисол: «Хожа ҳазратлари ўз яқинлари билан Кеш (Шаҳрисабз) томон йўл олдилар. Йўлда дам олиш ниятида чодир тикдилар. Намози шомдан сўнг ёмғир ёға бошлади. Хожа хазратлари чодирдан чиқиб, яқинларини чодирга киритдилар. Ўзлари эса тун бўйи ташқарида ёмғир остида эдилар. Эрталаб бу ҳолни кўрган суҳбатдошлари унинг сабабини сўраганларида шундай дедилар: Ёмғир ёғаётганда биз чодирда бўлиб, дўстларимизнинг ташқарида, ёмғирда бўлишларидан ҳижолатда қолдик».

Хожа ҳазратлари доимо айтиб келадигани «ҳар вақт бир мусулмон кўнглидаги оғирликни ўз зиммангга олишинг керак. Ўзингнинг оғирлигингни эса бошқаларга юкламаслигинг керак» деган фикрларига бевосита амал қилганлари кўзга ташланади. Шуниси диққатга сазоворки, бундай фазилатга амал қилиш, кейинчалик Хожа ҳазратларининг мухлислари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг фаолиятларида кўп марта учрайди. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»сидаги мана бу тасвир айтилганларга мисол бўла олади.

Бу воқеа 1506 йилнинг қишида Ҳиротдан Кобулга йўл олган Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан содир бўлган. Бобур ўз кишилари билан тоғ орқали Кобулга борарди.

«Ушбу тариқ била қор тепиб, йўл қилиб, – деб давом эттиради Бобур, – Инжукон ердин уч-тўрт кунда кўтали Зарриннинг тубига ҳаволи Қутий деган ҳаволга келдук. Ушбу кун ғариб чопқун била қор ёғар эди. Андоғким, борчага ўлим ваҳми бўлди. Ул эл тоғдағи ғор ва ковокларни ҳавол дерлар. Бу ҳаволга етганда чопқун беҳад тез бўлди. Ушбу ҳавол қошида ўқ тушилди. Қор улуқ, йўл якраҳа, тепилган, босилган йўл била ҳам от бахийла (зўрға) борадур. Кунлар ғоят қисқаликка илгариги киши ёруғ чоқда ҳавол олдига келдилар, намозишом, намози хуфтонгача эл кела қолди. Андин сўнгра келган ерда-ўқ тушти. Кўп эл от устида-ўқ тонг оттурди. Ҳавол торроқ кўринди, мен ҳаволнинг оғзида курак олиб, қор кураб, ўзимга бир такия миқдорда ер ясадим. Қорни кукусгача қоздум, ҳануз ерга етмайдур эди. Бир нима елга паноҳ бўлди, ўшанда-ўқ ўтирдим. Ҳар неча дедиларким, ҳаволга боринг, бормадим. Кўнгулга кечдиким, барча эл қорда ва истироҳат била мунда. Барча улус ташвиш била машаққатда мен мунда уйқу билан фароғатда мурувватдин йироқ ва ҳамжиҳатликдан қироқ ишдур. Мен ҳам ҳар ташвиш ва машаққат бўлса, кўрайин, ҳар нечук эл тоқат қилиб турса, турайин. Бир форсий масал бор: «Марг бо ёрон сур аст» (дўстлар билан ўлмоқ тўйдир). Ўшондоқ чопқунда қозғон, ясоғон чуқурда ўлтурдим, намози хуфтонгача қор онча чопқунлаб ёғдиким, мен энгашиб ўлтуруб эдим, орқамға ва бошимға ва қулоқларимнинг устига тўрт энлик қор бор эди. Ўшул кеча қулоғимга совуқ таъсир қилди» («Бобурнома», Тошкент, 1960, 257-258-бетлар).

Худди мана шу фазилат ўзини эл қатори билиш, эл билан бирга бўлиш подшоҳ Бобурнинг олижаноб фазилат соҳиби эканидан ҳам унинг лашкари ва атрофидагиларига унга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни ҳам юзага келтирган.

Демак, Хожа ҳазратларига мухлис бўлиб, унинг фазилатларидан ибрат олган кишилар панд емаганлар.