Брент Стиртон йилнинг энг яхши ёввойи табиат фотосуратчиси бўлди

Октябрь ойи ўрталарида “Йилнинг ёввойи табиат фотосуратчиси – 2022” танлови натижалари маълум бўлди.

Фотожурналистика йўналишида Жанубий африкалик фотосуратчи Брент Стиртонга «Ндакаси» фотосурати учун биринчи ўрин насиб қилди. 

2007 йилда фотосуратчи илк бор Ндакаси исмли тоғ горилласини суратга олган эди. «Вирунга» миллий боғида бутун бошли гуруҳи кўмир ёндиргич (кўмир, смола, калий ишлаб чиқариш мақсадида ўрмон ёқувчи саноатчи)лар томонидан ўлдирилгач, икки ойлик урғочи горилла қутқариб қолинди.

Рейнжер Андре Баума Ндакасига ҳалок бўлган онаси ўрнини босди. Инсон ва горилла ўртасидаги илиқ муносабатлар ўн тўрт йил давом этди. 2021 йилда Ндакаси «дўсти» қўлида вафот этди ва Брент Стиртонга горилла ҳаётининг сўнгги дамларини ҳам суратга олиш насиб этди.