Британия 300 нафар ёқилғи ташувчи машина ҳайдовчиларига махсус виза жорий этмоқчи

Ҳарбийлар Буюк Британиядаги ёқилғи инқирозига қарши курашга киришмоқда. Улар душанбадан мамлакат бензин станцияларига бензин етказиб беришни бошлайди. Дам олиш кунлари 200 аскар сафарбар қилинди ва Буюк Британиянинг турли ҳудудларига жойлаштирилди. Расмийларнинг таъкидлашича, мамлакатда ёқилғи захиралари юқори, таъминот муаммолари босқичма-босқич ҳал қилинмоқда.

"Келгуси ҳафтада сафарбар этилган ҳарбийлар 200 дан ортиқ бўлади. Лекин бу ҳафта бошидаёқ ишни бошлаш учун биринчи катта гуруҳ сафарбар қилинади. Ҳафта охиригача уларга яна 60-70 киши қўшилади», дейди Британия мудофаа вазири Бен Уоллес.

Ёқилғи чакана савдо уюшмаси маълумотларига кўра, 30 сентябрь куни ҳолатига Буюк Британиядаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг тўртдан бирида бензин бўлмаган.

"Агар сиз турли ёқилғи қуйиш шохобчаларида олти ёки етти уринишда ёқилғи топсангиз, омадингиз келди деяверинг", дейди ёнилғи қуйиш шохобчаси мижози.

Ҳукумат шунингдек, яқин кунларда чет эллик 300 нафар ёқилғи ташувчи машина ҳайдовчиларига зудлик билан мамлакатда келаси йилнинг мартигача ишлаш имконини берувчи махсус виза берилишини айтди.