Британияда коронавирус юқтириш бўйича кунлик рекорд қайд этилди. Футбол ўйинлари қолдирилмоқда

Коронавируснинг мутацияга учраган янги тури кенг тарқалган Британияда эпидемиологик ҳолат оғирлашди.

Ортда қолган бир кун давомида Британияда коронавирус юқтирганлар сони 41,3 минг нафарга кўпайган. Бу пандемия бошидан буён қиролликда қайд этилган энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Олдинги рекорд 23 декабр куни қайд этилган ва ўша куни 39,2 минг нафар британияликда коронавирус аниқланганди. Қиролликда 19 декабрдан буён кунлик ўсиш 30 мингдан камаймаяпти.

Ортда қолган бир кунда Британияда 357 киши коронавирус сабаб вафот этди. Бу бир кун олдингига қараганда 39 нафарга кўпроқ дегани. Пандемия бошидан буён Британияда 71,1 минг киши коронавирус қурбони бўлди. Британия вирус юқтирганлар сони бўйича Европада фақат Италиядан ортда қолмоқда. Ҳозиргача қиролликда 2,32 миллион кишида вирус аниқланган.

Эпидемиологик ҳолат ёмонлашгани футбол бўйича Англия чемпионати ўйинларига ҳам таъсир қилмоқда. АПЛ 16-туридан ўрин олган «Эвертон» ҳамда «Манчестер Сити» жамоалари ўртасидаги Ливерпулда ўтказилиши керак бўлган ўйин қолдирилди. Расмий баёнотда сабаб сифатида «Манчестер Сити» футболчиларида вирус юқтирганлар сони кўпайиб кетгани келтирилган.a