Бу йил Самарқандда 2 та шоҳбекат, 10 та янги йўналиш ташкил этилади

Транспорт хизматлари ҳажми 12,6 триллион сўмга етказилиб, 14,3 фоизга ўсиши таъминланади. Миллионли шаҳар жамоат транспортида янги йўналишлар тармоғи бўйича 10 та магистрал ҳамда 33 та етказиб берувчи йўналишлар ишга туширилади. Бунда, қўшимча 100 дона замонавий автобус (шундан, 50 та электробус Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобидан) олиб келинади.

Бу ҳақда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шуъба бошлиғи Даврон Расулов маълумот берди.

- Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган жами 503 та замонавий автобуслар БРУТТО шартномаси асосида аҳолига транспорт хизмати кўрсатилиши таъминланиб, жамоат транспортлари рақамлаштирилади ва мониторинг тизимига интеграция қилинади, - дейди Д.Расулов. - Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 1-босқичда 8 километр трамвай линиялари қурилади ва 14 дона трамвай вагонлари харид қилинади. Жамоат транспорти қамрови паст бўлган ҳудудларда қишлоқларни туман марказлари билан ҳамда туманларни вилоят маркази билан боғловчи 10 та янги жамоат транспорт йўналишлари ташкил этилади.

Самарқанд шаҳрининг туманлар билан туташ ҳудудларида 2 та автошоҳбекат қурилади. Мисол учун, М-37 автомобиль йўлининг Самарқанд тумани “Мотрит” ҳалқа йўли ҳудудида М-39 автомобиль йўлининг Самарқанд тумани Чумчуқли маҳалласи ("Бетонка" - Тайлоқ круг) ҳудудида қурилиш режалаштирилган.

Ўктам Худойбердиев.