Бу йилги аскарлар қачон қасамёд қилиши маълум бўлди
Марказий ҳарбий округ қўшинларида хизмат бурчини бошлаган муддатли ҳарбий хизматчилар учун “Фориш” ва “Сазағон” дала-ўқув майдонларида жанговар техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси ўтказилди.
Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Одатда, бу каби кўргазмали машғулотлар янги чақирилган аскарлар билан Ўзбекистон армиясида Ватанга қасамёд тантанасидан бир кун олдин ўтказилади.
Карантин қоидаларига роия этилган ҳолда ташкил этилган кўргазмали ва амалий машғулотлар олдидан округ қўшинларидаги мавжуд замонавий техникалар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг муддатли ҳарбий хизматчиларга отиш тайёргарлигининг назарий ва амалий жиҳатлари яна бир бор тушунтирилди. Полигонда илк бор аскарлар штатдаги АК-74 қуролларидан ётган ҳолда 100 метр узоқликдаги нишонга қарата ўқ отишди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 12 июль куни Мудофаа вазирлиги қўшинларига янги чақирилган аскарлар учун "Ватанга қасамёд" тадбирлари ўтказилади. Карантин сабаб, уларнинг яқинлари мазкур тадбирда иштирок эта олишмайди.