Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун академик, мумтоз адабиёт билимдони Ботурхон Валихўжаев туғилган кун

Вафотидан сўнг Ботурхон акага "Буюк хизматлари учун" ордени берилди. Одилона айтганда, бу орден у кишига берилган муносиб баҳо эди.

Хўш, академик Б.Валихўжаевнинг халқ, Ватан, жамият, адабиёт олдидаги  буюк хизматлари нима эди?

Биринчидан, домла нафақат Самарқанд илмий муҳитида, балки мамлакат миқёсида улуғликнинг асоси  камтарлик ва мискинликда, самимият ва оддийликда эканлигини ўз ҳаёти мисолида намойиш этди. 

Иккинчидан, фидойи олим илм-фанда сабот, матонат, иштиёқ нималарга қодир эканлигини исботлади. Сафдошларигина эмас, мумтоз адабиёт тарихининг бугунги тадқиқотчилари ҳам домланинг иш услубини ўзларига дастуриламал қилиб ишлаяптилар. 

Учинчидан, Ботурхон ака манба билан ишлашда ўзбек, рус, форс-тожик, араб тилларини мукаммал билиши орқали ўз мактабини ярата олди. Ана шу тиллардаги асарлари кўплаб мамлакатларда чоп этилди. 

Тўртинчидан, заҳматкаш олим Мирзо Улуғбекнинг мадрасаи олияси фаолияти моҳиятини адабиётшуносликда ҳам, тарихшуносликда ҳам илмий ва маърифий жиҳатдан тадқиқ этди ва унинг ўз даврининг академияси эканлигини исботлаб берди. 

Ва ниҳоят, бешинчидан, домла ана шу хизматлари, фазилатлари орқали зиёлилар, умуман халқимиз қалбида ўзига ҳайкал қўя олди. Вафот этганига 18 йил ўтган бўлса-да, ҳар бир даврада бу табаррук инсон номининг ёдга олиниши фикримиз исботидир. 

Биз, шогирдлар домланинг пок руҳлари қолаверса, у кишининг чироғини ёқиб турган, машаққатли меҳнатида доимо ҳамдам бўлган янгамиз Хадича аянинг  олдида ҳамиша таъзимдамиз. 

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ, 

академик, филология фанлари доктори.

Фармон ТОШЕВ, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.