Бугун Ар-Риёдда Россия ва АҚШ делегацияларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтади. Макрон Европа ҳимоясига ядро арсеналидан фойдаланишга тайёр

🔹 Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Украина бўйича Россия-Америка музокаралари бугун давом этади.
🔹 Исроил расмийлари келишувнинг иккинчи босқичи бўйича муҳокамалар бошланишидан аввал сулҳнинг жорий босқичини яна 42 кунга узайтирмоқчи. Бу давр мобайнида томонлар келишувнинг иккинчи босқичи ва ҳарбий ҳаракатларни якуний тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказишни режалаштирган. Бироқ томонлар ўртасида якуний келишувга ҳали эришилгани йўқ.
🔹 АҚШ маъмурияти президент Доналд Трамп, Россия ва Украина етакчилари Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасидаги учрашувлар яқин келажакда бўлиб ўтишига умид қилмоқда. Трамп Киевга ёрдам учун сарфланган пулларни америкалик солиқ тўловчиларга қайтариш учун Зеленский билан фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича шартнома имзоламоқчи.
🔹 Франция АҚШ Европадан чиқиб кетган тақдирда Германияда ядровий қуролли қирувчи самолётларни жойлаштиришга тайёр, деб хабар беради The Telegraph. Европанинг АҚШдан “мустақиллиги” тарафдори бўлган Германия канцлери номзоди Фридрих Мерц Британия ва Францияни минтақани ҳимоя қилиш учун ядро арсеналларидан фойдаланишни кенгайтиришга чақирди. Франция қирувчи самолётларининг Германияга жойлаштирилиши Владимир Путин учун "сигнал", Британия Бош вазири Кей Стармерга эса худди шундай қилиш учун асос бўлиши мумкин, дейилади нашрда.
🔹 Эрон ҳарбийлари Исроил ва АҚШ ҳаво ҳужуми уюштириши мумкинлигидан хавотирлар фонида ядро ва ракета объектларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юқори шай ҳолатга келтирди ҳамда қўшимча ҳаво мудофаа воситаларини жойлаштирди.
🔹 Трамп маъмурияти томонидан Украина президентини танқид қилиш фонидаги сўровлари украиналикларнинг 57 фоизи Владимир Зеленскийга ишониши ва уруш давом этаётган шароитда президентлик сайловларини ўтказишга қаршилигини кўрсатди.
🔹 160 мингдан ортиқ канадаликлар Илон Маскни Канада фуқаролигидан маҳрум қилишни талаб қилган петицияга имзо чекди. Миллиардер “бойлиги ва кучидан” мамлакатдаги сайловларга таъсир ўтказишда фойдаланганликда айбланмоқда. Бунда жавобан миллиардер Канадани сохта давлат деб атади.
🔹 АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедига суиқасд пайтида биринчи хоним Жаклин Кеннедини отишмалардан ҳимоя қилган собиқ махфий хизмат агенти Клинт Хилл 94 ёшида вафот этди. У хизматлари учун мукофотлар олган, лекин етарлича тезкорлик қилмагани учун ўзини умрининг охиригача президентнинг ўлимида айблаган.
Г.Холдорова тайёрлади.