Бугун "Меҳнатга ҳақ тўлаяпман-ку", дея кеккайиш кетмайди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгашига шу йилнинг ўтган чорагида 187 та мурожаат келиб тушган. Улардаги арзларнинг аксарият қисмини маиший муаммолар ташкил этади.
– Фуқаролар мурожаатининг қарийб 70 фоизи касаба уюшма аъзолигини қабул қилмаган ташкилотлар ва фуқаролар ҳиссасига тўғри келяпти, – дейди кенгашнинг мурожаатлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Зоҳид Янгибоев. – Шундай бўлса-да, кўтарилган ҳар бир масалани ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз.
Бирлашмага арз билан келган нуроний отахон билан гаплашдик. Олис тумандан уни шу ерга йўллашибди.
– Саломатлик юзасидан келдим, болам, – дейди отахон. – Шу ерда сиҳатгоҳга йўлланма берилишини айтишди. Умид қилиб келавердим.
Гарчи касаба уюшмаларида йўлланмаларни тақсимлаш тартибида ўзига хос жиҳатлар талаб этилса-да, нуронийнинг раъйини қайтаришмади. Отахон бирлашма раҳбари ҳузуридан мамнун чиқди.
– Бир ой эшик санадим, – дейди у. – Кексаларга масъул бўлган идорадагилар навбат кутасиз, дейишди. Кутдим ҳам. Аммо бўлмади. Чўзилди. Таваккал қилиб касаба уюшмаларига келгандим. Йўлланмани бир зумда ҳал қилишди. Йўлини топишди, набирам ишлайдиган ташкилот касаба уюшмаларига аъзо экан. Унинг ўрнига дам олиб, саломатлигимни тикласам бўлар экан. Мушкулимни осон қилган касаба уюшмаларига раҳмат.
Жамоат ташкилотида меҳнат муносабатларидаги тарангликка ечим топганлар ҳам, ҳуқуқий кўмакдан қониққанлар ҳам оз эмас. Лекин ана шундай имкониятлардан баҳра олмаётганлар ҳам бор.
Айни пайтда вилоятдаги 130 дан зиёд турли мақомда иш юритаётган ташкилотларда ходимларнинг вакиллик органлари мавжуд эмас. Ишловчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари иш берувчиларга қизиқмасми? Бу жамоаларда меҳнат муносабатлари жамоатчилик назоратига қачон олинади, деган саволга кимдан жавоб олишни ҳам билмайсан. Касаба уюшмаларининг ҳамкорлик чақирувига беписанд қарашётганлар, ҳақли талабларини иддао билан қабул қилаётганлар ҳам бор. Айниқса, энг оғир юмушларни уддалаб келаётган қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзини «тушунмаган»га олиш анъанаси ҳали-ҳануз давом этмоқда.
Ҳалигача агросаноат тизимида ходимлар манфаати устуворлигини таъминлаш қийин кечяпти. Янги тузилма мақомини олган аксар кластер ва фермер хўжаликлари мутасаддилари «қулоқларига пахта» тиқиб олишгандек гўё.
– Йил бошидан буён тизимдаги 7 та ташкилотни касаба уюшмалари сафига жалб этдик, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Рустам Валиев. – Уларда бошланғич ташкилотлар тузилиб, меҳнат муҳофазаси жамоат назоратига олинди.
Касаба уюшмалари ишчи-ходимлар манфаати йўлида музокаралар олиб боришдан чарчашмайди. Тойлоқ туманидаги 235 кишини иш билан таъминлаб келаётган «Siyob Shavkat Orzu» кенг тармоқли фермер хўжалиги билан музокаралар узоқ давом этди. Тегишли даражада хат, тушунча берилди. Фермер хўжалиги раҳбари ходимларга шароит яратишда касаба уюшмаларига рўйхушлик бергандек бўлди. Аммо кейинчалик ишкални шу хўжалик кадрлар бўлими бошлиғи Шерзод Мавлонов чиқара бошлади. Аччиқ ичакдек чўзилган мунозарани ижобий ўзанга солиш қийин кечяпти. «Иссиқ жон иситмасиз бўлмас», деганларидек, ушбу ташкилотларда ишловчиларнинг ҳолидан ким хабар олади? Улар қонунларда белгилаб қўйилган имтиёзларга муносиб эмасми? Нега ишловчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилмаймиз?
– Ривожланган фуқаролик жамиятида яшаяпмиз. Меҳнат кишисининг ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан ҳурмат қилиниши шарт, – дейди ҳуқуқшунос Абдунаби Турсунов. – Бугун меҳнатга ҳақ тўлаяпман-ку, дея кеккайиш кетмайди. Ўзини ҳурмат қилган иш берувчи меҳнат муносабатларида мутаносибликни таъминлаши керак.
Корхона ривожи, истиқболи учун қайғураётган ходим меҳнати қачон қадр топади? Бу масалада лоқайдлик қилиш керакмикин?
Аксар касаба уюшма аъзоси бўлмаган ташкилотларда шу саволлар жавоби очиқ қолмоқда.
Нурилла Шамсиев.