Бугуннинг гапи: Нега қизлар жанжалкаш бўлиб кетяпти?
Ўқувчилик йилларимда қизларнинг бир-бирига қўл кўтаргани, муштлашганини кўрмаганман. Оилаларда қиз бола тарбиясига жиддий эътибор берилар, рўзғор юмушлари ўргатиларди. Ҳатто қиз бола баланд овозда гапирмайди, дейишарди катталар.
Бугун ижтимоий тармоқларда ҳали мактаб ўқувчиси бўлган қизларнинг ўзаро урушгани, муштлашгани акс этган видео тасвирларни кўряпмиз. Кўча-кўйда ҳам онаси тенги аёлга гап қайтараётган қизларни учратиб қоляпмиз. Биз болалигимизда ўзимиздан каттага гап қайтаришни хаёлимизга ҳам келтирмасдик, чунки ота-онамиз катталарга гап қайтариш мумкин эмас, деб ўргатишарди. Хўш, бугун вояга етмаган қизларнинг ибо-ҳаёсиз, жанжалкашлигига сабаб нима?
Яқинда ўқиб қолдим. Бир хорижлик киши: “Сизларнинг аёлларингизни жуда урушқоқ деб билардим, ундай эмасга ўхшайди”, дебди. Нега бундай ўйлашини сўрашганида “Кино ва сериалларингизда аёллар фақат бир-бири билан уришади-ку”, деб жавоб берибди.
Тўғриси, олтинга қиммат вақтимни сериал ва киноларга сарфлашни истамайман. Аммо баъзан қишлоққа меҳмонга борганимда телевизорда бирор сериалга кўзим тушса, қаҳрамонларнинг оғзидан чиқаётган гапи, воқеалар ривожининг тутуруқсизлиги, айниқса, аёлларнинг маккора ўй-фикрларидан асабим бузилади. Булар сериал орқали одамларга нимани ўргатяпти, қани бу ерда маънавият, инсонийлик, қадр-қиммат, дейман. Назаримда қайнона-келин жанжали ўзбек сериалларининг бош мавзуси бўлса керак. Негаки, ҳар замонда сериалларнинг бирор қисмини кўриб қолсам ҳам, фақат қайнона золим, келин жабрланган ёки бунинг аксини кўрсатаётган бўлади.
Турк сериалларидаги дабдабали ҳаётни гапирмаса ҳам бўлади. Ясан-тусан қилиб, сўнгги модада кийинган аёллар ҳали ресторанда, ҳали кафеда ўтиради. Улар қачон боласини тарбиялайди, қачон рўзғор юмушларини бажаради, деб ўйлайсан киши. Бунинг устига турк сериалларидаги севги-муҳаббат бизнинг менталитетимизга ҳам, маданиятимизга ҳам тўғри келмайди. Хўш, телевизордан тарбия олаётган ёш қизлардан биз нимани кутишимиз мумкин?
- Тўрт нафар қизим бор, - дейди Оқдарё туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Комила Қиличева. – Қизларимга мактабни битиргач, оддий қўл телефони олиб берганман. Институтда учинчи курс бўлгач кўп функцияли, сенсорли телефон олиб бердим. Шунда ҳам уларга билдирмаган ҳолда телефонини текшириб турардим. Ота-оналар, айниқса, шаҳарда яшовчилар фарзанди қаердалигини билиш учун мактабга телефон билан юборади, аммо ўша телефон оддий бўлиши керак. Баъзи ота-оналар қизларининг қўлига қимматбаҳо телефон олиб беряпти. Ёшлар тарбиясини бузадиган нарса телефон билан телевизор. Телефонда қизлар кимлар билан ёзишяпти, нималарни кўряпти, билмайсиз. Телевидениеда берилаётган “Иқрор” сериалида бир аёлнинг иккала қизи ҳам иккинчи хотин бўлиб эрга тегяпти. Тўғри, фильм бундан тўғри хулоса чиқариш учун ишланган, аммо ёшлар хулоса қилмасдан, енгил ҳаётга қизиқяпти.
Бугун оналарнинг кўпчилиги хорижда ёки бозорда, қизларининг тарбиясига кам вақт ажратяпти. Аслида ота-она мактаб билан ҳамкорликда ишлаши, фарзанди тарбиясини жиддий ўйлаши керак.
Маънавият соати дарсларида мавзуни ҳаётий мисоллар билан ўтишга ҳаракат қиламан. Сериаллардан тўғри хулоса чиқаришни тушунтираман. Ўқувчи қизларга астойдил тушунтирилса, албатта, тушунади. Аммо оналар ҳам қизларига вақт ажратиб, улар тарбияси билан жиддий шуғулланиши керак.
***
Тўғри, биз телевидениеда берилаётган савиясиз фильмларни тақиқлай олмаймиз. Бугун техника тараққиёти даврида айримлар дунёнинг исталган мамлакати телеканалларидаги кино ва кўрсатувларни кўра олади. Аслида улардаги тасвирлар бизнинг телекўрсатувларимиздан беш бадтар. Шунинг учун хорижликлар уйидаги телевизорини дастурлаб қўяди, фарзанди ундан фақат болаларга оид каналларни кўра олади. Бизда ҳам ота-оналар мана шу усулдан фойдаланишса, яхши бўларди.
Аслида ҳамма ота-она ҳам фарзанди тарбиясига бефарқ эмас. Шундай ота-оналар борки, улар фарзандларининг вақтини мактабдан ташқари спорт, репетитор, дарс тайёрлаш каби машғулотларга тақсимлаб қўйган. Бундай талабчан ота-оналарнинг фарзандларида телевизор кўришга деярли бўш вақт йўқ. Аммо бу каби ота-оналар сони жуда кам.
Нима бўлган тақдирда ҳам фарзанд, аввало, тарбияни оиладан олади. Қизининг оқила, саришта, иболи бўлишини истаган она вақтини фарзанди тарбиясига сарфлайди. Қизи билан дарс тайёрлайди, биргаликда уй юмушларини бажаради, унинг бирор вақтини бўш қолдирмайди. Бугун атрофимизда жанжалкаш қизлар пайдо бўлаётган экан, бунга сабаб улар тарбиясидаги бўшлиқнинг мавжудлигидир.
Хуршида Эрназарова.