Булунғурда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудда тезкор тадбир ўтказди.
Тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган Ф.С. (муқаддам Жиноят кодексининг 251-1-моддаси билан жавобгарликка тортилган) фуқаро Д.Б. билан ўзаро тил бириктириб, 210 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 6 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби фуқаро Ф.А. (муқаддам Жиноят кодексининг 251-1-моддаси билан жавобгарликка тортилган) 500 дона “Зардекс” номли дори воситасини фуқаро Д.Б.га сотган вақтида ушланиб, унинг хонадонидан сотиш мақсадида сақлаб келинган 60 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.