Булунғурда олтин медалга муносиб ўқувчи йўқми ёки педагоглар эътирофга муносиб шогирд тайёрламаяптими?
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати эълон қилган маълумотларга кўра, якунига етган ўқув йилида вилоятимиздаги мактабларда аъло баҳоларга ўқиган 339 нафар 11-синф битирувчисига олтин ва 75 нафарига кумуш медаль берилар экан.
Ушбу маълумот ортидан биз ҳам битирувчи ёшларимизга янгиликни етказиш мақсадида Булунғур туманидаги мактаблар битирувчиларидан неча нафари олтин медаль билан тақдирланишига қизиқдик. Аммо...
Булунғур туманидаги 66 та мактабдан 2817 нафар битирувчининг бирортаси олтин медаль олмас, атиги тўрт нафаргина ўқувчимиз кумуш медаль билан тақдирланар экан.
Катта бир туманда қарийб 3 минг нафарга яқин ўқувчи орасида наҳотки, олтин медаль олишга лойиқ битта ҳам йигит-қиз бўлмаса? Бу булунғурлик ўқувчиларнинг билимсизлигидан дарак берадими ёки ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти етишмаслигидан? Ёки бошқа сабаби борми?
Келинг, аниқ тасаввур пайдо бўлиши учун ушбу рақамларни солиштирсак. Биргина, Каттақўрғон шаҳрида битирувчилар 1204 нафар ва уларнинг 15 нафари олтин, 1 нафари кумуш медаль билан тақдирланади.
Шунингдек, Нуробод туманида 2, Иштихон туманида 3, Тойлоқ туманида 8, Қўшработ туманида 9 нафар ўқувчи мактабни олтин медаль билан битиряпти. Паст Дарғом туманида 56, Самарқанд шаҳрида эса 94 нафар битирувчига ана шундай шараф насиб этмоқда.
Рақамларни кузатиб, Булунғурда туғилиб ўсган, ўз юртини севувчи ҳар қандай кишининг ҳафсаласи пир бўлиши, дили хуфтон тортиши турган гап.
Булунғур ёшларининг нафақат вилоят, балки Республикадаги бошқа туман (шаҳар) ёшларидан нима камчилиги бор? Ёки педагоглар айбдорми? Балки, бунга туман халқ таълими бўлими мудири вазифаси анча вақтдан буён бўш турганлиги сабабдир? Умуман, нима бўлганда ҳам, соҳага масъуллар муаммонинг илдизини топиши, уни бартараф этиш чораларини кўриши шарт!