Буни ҳар ким ҳар куни уйда бажариши мумкин

«Карантин сабаб кам ҳаракатланяпман, қоматимда ўзгариш бўляпти, оғирлашиб кетаётганимни ҳис қиляпман», десангиз адашасиз! Қуйидаги тавсияларга амал қилсангиз ўзингизни тетик ва бардам  тутасиз. Турли юқумли касалликлар юқишининг ҳам олдини олади:

- кунингизни тонгги бадантарбия ва жисмоний машқлар билан бошланг. Бошланишига бир ҳафта ўзингизни 5 дақиқа вақтингизни ажратишга мажбурланг, кейинги ҳафтадан қатъий режимга тушиб қоласиз.

- кўп қаватли уйда яшовчиларга тавсиямиз лифт ўрнига зинапоядан фойдаланинг, шароитингиз бўлса, велосипед ёки самокат учинг. У ҳам бўлмаса, 5 дақиқалик танаффус қилиб, рақсбоп қўшиқ қўйинг-да рақсга тушинг.

Ҳозирда уйдан туриб ишлаш амалиёти жорий этилди. Унда ора-орада туриб, ҳовли ёки уйингиз боғини айланиб келишни кундалик одат қилинг. Тоза ҳаводан нафас олиб туриш иш кўламини янада оширади.

Кун бўйи компьютер ёки телевизор қаршисида букчайиб ўтирганингизда умуртқа поғонангизда оғриқ сезасиз. Бундай ҳолатда қаддингизни ростланг, дам олинг ва вақти-вақти билан жисмоний машқ ёки агар бўлса, турникка осилиб туринг.

Яқинларингизда эринчоқлик кайфияти кузатилса, иш ёки дарс столингизга «Зудлик билан қаддингни тик тут!» деб ёзиб, таъсирчанликни ошириш учун қовоғини уйган смайл чизиб қўйинг.

Массаж ҳам жуда яхши фойда беради. Ҳеч бўлмаганда елка ва бўйин қисмини уқалаб туриш керак.

Дарвоқе, иш, оилавий ташвишлар ортиб уйқунинг меъёрда бўлишига ҳам эътибор қаратинг.

Нилуфар ЖАББОРОВА,

Самарқанд вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази бўлим бошлиғи.