Бюджет маблағларидан тўғри фойдаланиш ислоҳотларда мувозанатни сақлайди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсон бешинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири, депутат С.Усмонов бошқарди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Болтаев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Асадовларнинг ҳисоботи эшитилди.
– Бугунги кунда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида 1272 та умумтаълим мактаблари ва 745 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда, - деди Ф.Болтаев. - 2023 йилда тизимдаги умумтаълим мактабларининг бир йиллик иш ҳақи фонди ва иш ҳақи ажратмаси учун республика бюджетидан 3 трлн. 216 млрд. 692 млн. сўм маблағ ажратилган. Маҳаллий бюджетдан эса жорий харажатлар, жумладан, иш ҳақи ва унинг ажратмаси, коммунал тўловлар, асосий воситаларни харид қилиш, қурилиш-таъмирлаш каби харажатлар учун жами 331 млрд. 779,4 миллион сўм маблағ ажратилган. 2023 йилда мактабгача таълим ташкилотлари иш ҳақи фонди учун 396 млрд. 588 млн. сўм ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 119 млрд. 154,7 миллион сўм маблағ берилган. Ушбу ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши тегишли ваколатли органлар томонидан ўрганилган. Аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Бу борада Д.Асадов вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларга 2023 йилда маҳаллий бюджетдан жорий харажатлар учун 814,5 млрд. сўм, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун 97,6 млрд. сўм ажратилганини маълум қилди.
- Жорий харажатлар учун ажратилган 814,5 млрд сўм учта асосий йўналишга сарфланди, - деди Д.Асадов. – Булар иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, иш ҳақига ажратмалар ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун. Кейинги йилларда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида соҳага ажратилаётган маблағларнинг асосий қисми моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун сарфланмоқда. Жумладан, ўтган йилда беморларни озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларига 31,9 млрд. сўм, дори-дармон ва боғлов материаллари билан таъминлаш харажатларига 57,3 млрд. сўм, кийим-кечак ва юмшоқ жиҳозлар сотиб олиш учун 4,2 млрд. сўм ажратилди. Берилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши тегишли ваколатли органлар томонидан ўрганиб борилди.
Депутатлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси республика ва маҳаллий бюджетдан вилоятда сарфланадиган маблағнинг асосий қисмини ташкил этиши, шу боис бу масала ҳар чоракда бир марта муҳокама қилиниши зарурлигини таъкидлади.
Шундан кейин вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаровнинг 2023 йил тўртинчи чорак якунлари бўйича вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.
Таъкидланишича, вилоятда «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз оила», «Назорат», «Жиноятчиликка қарши курашиш», «Жамоат хавфсизлиги ойлиги» каби тезкор-профилактик тадбирлари ташкил этилган ва кенг қамровли профилактик ишлар амалга оширилган. Криминоген вазияти оғир 65 та маҳаллага вилоят даражасидаги, «қизил» тоифадаги 273 та маҳаллага туман-шаҳар сектор раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари бириктирилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 2 232 нафар аёлларга «Ҳимоя ордер»лари берилиб, уни содир этган шахслар устидан таъсирчан назорат ўрнатилган.
Мавжуд 1126 та маҳалланинг 38,8 фоизи, яъни 437 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган, 154 та маҳалла «Қизил» тоифадан «Сариқ» тоифага ўтишига эришилган.
Сессияда депутатлар вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан ҳисоботини ҳам тинглади.
Ҳисобот якуни бўйича депутатлар бошқарма бошлиғи ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими ходимлари олдига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш бўйича таклифларини билдирди.
Шунингдек, сессияда “Самарқанд вилоятида 2024 йилда юридик ва жисмоний шахслар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун шаҳар ва туманлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкаларини ҳамда вилоятда 2024 йилда юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкнинг мутлақ қийматига қўлланиладиган камайтирувчи коэффициентларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Сессияда Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманларининг маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш, вилоятда 2023-2024 йилларда цемент-бетон йўлларни қуриш ишларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш, 2023 йил тўртинчи чорак якунлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши натижалари ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2024 йил I ярим йилликка мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.