Маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтиришнинг манбалари кўп, гап ундан тўғри фойдаланишда
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишини вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов олиб борди.
Кун тартибига мувофиқ, дастлаб вилоят суди раиси О.Ҳайитовнинг “Самарқанд вилояти судларининг 2021 йил биринчи чораги давомида одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлари тўғрисида”ги ахбороти тингланди.
Шундан сўнг Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 12 мартдаги “Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 2020 йил якуни бўйича вилоятлар бюджетларининг, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан шакллантирилган маблағларнинг мақсадли ҳамда самарали сарфланишини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича тайёрланган ҳисобот кўриб чиқилди.
Сессия ишида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Ботир Мирзаев маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тўғрисида ҳисобот берди. Бу борада ўз таклифларини билдирди.
Шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Аловитдин Иноғомовнинг солиқ тушумларининг ўз вақтида ундирилиши, унга оид прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Кун тартибидаги бешинчи масала - вилоятда халқ таълими тизимида таълим сифатини ошириш ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг билим кўникмаларини ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлари тўғрисида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева ҳисобот берди.
Сессияда шунингдек, 2020 йил кўрсаткичлари асосида “қониқарсиз” ва “ўрта” баҳоланган шаҳар ва туманларни кўтариш, “яшил” баҳоланган шаҳар ва туманларда кўрсаткичларни ижобий натижаларга чиқаришни таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланди.
Сессия вилоят Кенгаши ваколатига тааллуқли яна бир нечта масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.