Чекка ҳудудларда спортга нега эътибор суст?
Айрим чекка қишлоқларда спорт комплексларининг йўқлиги, борларида ҳам шуғулланиш учун шароит яратилмагани аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этишда ва уларнинг яхши натижалар кўрсатишига салбий таъсир кўрсатяпти. Қўшработ туманида бўлиб, бунга амин бўлдик.
Туманда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида маҳаллаларда 109 дона тунги ёритиш чироқлари, 3,5 километрдан зиёд саломатлик ва велойўлаклар ҳамда иккита «Workout» майдончаси фойдаланишга топширилиб, 76 мингдан зиёд аҳоли оммавий спорт тадбирларига жалб қилинган.
Спорт мактабига эътибор керак
Тумандаги ягона спорт мактаби 2004 йилда қурилган бўлиб, ҳозир муассасада 1170 нафар ўғил-қиз 53 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида шуғулланмоқда.
- Муассасамизда 18 та спорт туридан машғулот ўтилади, - дейди туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Давлат Мирзанов. - Ўтган йили спортчиларимиз Ўзбекистон чемпионатида 4 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза, халқаро мусобақаларда 2 та олтин, 2 та бронза медалларини қўлга киритди. Лекин спортчиларимиз эришган бу натижалар билан мақтаниб бўлмайди. Чунки соҳада ечимини кутаётган муаммолар кўп.
Спорт мактабимиз қурилганига қарийб 20 йил бўляпти. Шундан буён умуман таъмирланмаган. Ҳавонинг қор-ёмғирли кунларида муассасанинг том қисмидан сув ўтади. Шу боис кўп ҳолларда машғулот ўтишнинг иложи бўлмаяпти. Туманда 12 та олимпия спорт туридан машғулот ўтилади, лекин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига битта ҳам спортчи чақирилмаган. Фақатгина ноолимпия спорт тури – армрестлинг бўйича 2 нафар спортчи терма жамоага қабул қилинган.
Тумандаги «Меҳнат» футбол ўйингоҳининг деворлари ва ўриндиқлари ҳам таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Спорт мактаби ва футбол майдонини таъмирлаш бўйича туман ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилганимиздан сўнг иншоотлар уч марта дастурга киритилди. Афсуски, ҳеч қандай амалий ишга қўл урилмади.
Тўгараклар ишламаяпти
Туманда 88 та умумтаълим мактаби мавжуд. Шундан 27 та мактабда 121 та спорт тўгараги ташкил этилган. Лекин тўгаракларнинг ҳаммаси ҳам ишламаяпти. Жумладан, тумандаги 48-мактабда икки навбатда 935 нафар ўқувчи ўқийди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси Ҳ.Холбековнинг айтишича, мактабда дарсдан кейин футбол, волейбол ва енгил атлетика бўйича тўгарак ташкил қилинган, бироқ спорт зал таъмирталаб, иситиш тизими ишламайди, мактаб 2013 йилдан буён спорт инвентарлари билан таъминланмаганлиги учун тўгараклар фаолияти тўхтаб қолган.
- Мактабимизда икки навбатда 424 нафар ўқувчи таҳсил олади, - дейди 85-мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Эркин Қосимов. - Мактабда спорт зал йўқлиги учун машғулотларни стандартлар асосида ўтолмаймиз. Амалий машғулотлар ва тўгараклар очиқ ҳавода, совуқ кунларда синфхонада шашка, шахмат, стол тенниси ва назарий дарслар ўтилади. Яқинда «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолиб чиқдик ва мактабимизга сендвич панелли спорт зал қуриладиган бўлди.
- Тумандаги 88 та умумтаълим мактабидан 35 тасида спорт зал мавжуд бўлиб, 7 таси таъмирталаб, - дейди туман халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Мансур Бўронов. – Ўтган йил иккита мактабга спорт зал қурилди, 5 та мактаб спорт залини таъмирлаш дастурга киритилди-ю, шу билан қолиб кетди. Жорий йил яна 5 та мактаб спорт зали, 9 та мактаб ошхонаси, 4 та мактаб биносини таъмирлаш, шунингдек, 23 та мактабда ошхона ва инвестиция дастури асосида мактабларда қўшимча бинолар қуриш бўйича таклифлар берилган.
«Спорт залимиз бўлганда эди...»
Туман марказидан қарийб 45 километр узоқликда жойлашган Қовунчи маҳалласида 2584 нафар аҳоли яшайди. Афсуски, саккиз қишлоқни ўз ичига олган маҳаллада спорт билан шуғулланиш учун шароит йўқ.
- Маҳалламизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 1320 нафарни ташкил қилади, - дейди ёшлар етакчиси Ойбек Норқулов. – Ўтган йил «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида маҳалламиз ёшларининг бўш вақти мазмунли ўтди. Аммо натижа кутилганидек бўлмади. Чунки маҳалламизда спорт билан шуғулланиш ва мусобақалар ўтказиш учун шароит йўқ. Хусусан, маҳалламиздаги 50-мактаб 450 ўринли, лекин спорт зали йўқ, спорт майдончаси талабга жавоб бермайди. «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган мусобақаларни далаларда, маҳалламиздан 9-10 километр узоқликда жойлашган мактабларнинг спорт залларида амаллаб ўтказдик.
Шунга қарамай, ёшларимиз олимпиаданинг иккинчи мавсумида 14-30 ёш тоифасида маҳалла, вилоят босқичида шашка ва парашашка йўналишида учинчи ўринни эгаллади. Агар спорт залимиз бўлганда, республикада ҳам совринли ўринларни қўлга киритар эдик.
Аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва иқтидорли спортчиларни кашф қилиш, уларни катта спорт майдонига олиб чиқиш ислоҳотлари чекка ҳудудлардан бошланмоқда. Шундай экан, Қўшработ туманидаги умумий ўрта таълим, спорт-таълим муассасалари ва маҳаллаларда ечимини кутаётган муаммоларга мутасаддилар эътибор берса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин Рўзибоев.