Спортда фақат натижа муҳимми? Муаммоларга қачонгача кўз юмилади?
Самарқанд вилоятида 23 та олимпия, 4 та миллий, 21 та ноолимпия спорт тури бўйича федерация, 9 та ассоциация, 3 та спортни ривожлантириш маркази, 7 та спорт клуби, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда 1 та спорт кенгаши фаолият кўрсатмоқда.
Спорт турлари бўйича вилоятимиздан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига 1063 нафар (асосий таркибга 725 нафар, захира таркибга 338 нафар) спортчи қабул қилинган. Бу миллий терма жамоа таркибининг қарийб 10 фоизини ташкил қилади. Аммо...
Жорий йил бошида федерацияларда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган рейтингга кўра, вилоятда етти спорт тури қониқарли (дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо), 20 та спорт тури ўрта (велоспорт, бокс, баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш, волейбол), 5 та спорт тури паст (қиличбозлик, от спорти, спортнинг техник ва ўқ отиш турлари, теннис ва регби) кўрсаткичли тоифага ажратилиб, федерациялардаги ушбу муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий ишлар бошлангани айтилган эди.
Аммо 2022 йилда бадминтон, пенчак силат, кикбоксинг федерациялари томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига умуман спортчи етказиб берилмаган. Шунингдек, қиличбозлик, ўқ отиш, триатлон, замонавий бешкураш ва баҳодирлар ўйини спорт турларидан 1 нафардан спортчи терма жамоа таркибига қабул қилинган, холос.
Ҳозирги кунда вилоятда 30 та спорт таълим муассасаси, 5786 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, 4715 та спорт иншоотининг ҳолати қониқарли, 893 таси эса таъмирталаб ҳолатда. Жумладан, Қўшработ туманидаги 10 минг ўринли «Меҳнат» стадионининг ўриндиқлари, югуриш йўлаклари ачинарли ҳолатда, Нуробод тумани спорт мактабига қарашли Жарқудуқ ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги «ТИП-1» спорт иншоотлари, Самарқанд шаҳридаги 2-спорт мактабига қарашли «Нафис» спорт мажмуаси, Оқдарёдаги спорт мактабига қарашли «ТИП-1» спорт иншооти, 56, 11, 20, 32, 38, 51, Ургутдаги 5, 123, Булунғурдаги 2, 36-умумтаълим мактабларининг спорт заллари таъмирга муҳтож. Шунингдек, вилоятдаги 389 та умумтаълим мактабида спорт заллари йўқ ва белгиланган 34 номдаги спорт жиҳозларига эҳтиёж мавжуд.
Спортчиларимиз 2022 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон чемпионати (кубоги)да 3729 та (1380 та олтин, 1060 та кумуш, 1289 та бронза), жаҳон, Осиё ва халқаро мусобақаларда 275 та (56 та олтин, 94 та кумуш, 125 та бронза) медални қўлга киритган.
Фазлиддин Рўзибоев.