Чет эллик ректорлар Самарқанд давлат тиббиёт институтини 90 ёши билан табриклади

Самарқанд давлат тиббиёт институти 90 ёшга тўлди. Шу муносабат билан бугун институтда “Замонавий тиббиётда фундаментал фан” мавзусида онлайн тарзда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Россия, Польша, Туркия, Украина, Тожикистон ва мамлакатимизнинг бошқа тиббиёт олийгоҳлари ректорлари қатнашди ва институтнинг қутлуғ ёши билан табриклади.

- Аввало, барчани институтимизнинг 90 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман, - деди институт ректори Жасур Ризаев. – Қатор йиллардан буён хорижий давлатларнинг тиббиёт институтлари билан ҳамкорликда меҳнат қилиб келяпмиз. Албатта, бу ҳамкорликдаги ишларимиз ўз самарасини беряпти. Бугун институт нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда ҳам ўз нуфузига эга. Тиббиётга оид таълим тизимини чет давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўқув жараёнига татбиқ этяпмиз, ўзаро малака алмашаяпмиз. Ҳали ҳамкорликда бажарадиган ишларимиз талайгина. Пандемия шароитида масофадан бўлса-да, ҳамкорликдаги ишларимизни давом эттиряпмиз.

Конференцияда тиббиёт олийгоҳларида ўқув жараёнининг ташкил қилиниши, таълим сифатини ошириш, тиббиёт соҳаси мутахассисларини тайёрлашда Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳиссаси каби масалалар кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, онлайн тадбирда замонавий тиббиёт йўналишларига бағишланган долзарб масалаларга оид маърузалар тингланди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.