“Чимён” ва “Амирсой”даги шароит нега “Тахтиқорача”да йўқ?

Бу йил қишда ёғингарчилик кам кузатилди. Қишнинг иккинчи ойи тугашига оз фурсат қолганда табиат бизни қор билан сийлади. Бироқ кунлар илигач, қорлар ҳам тезда эриб кетди, аксарият ҳудудларда дарахтлар гуллади. Ҳозир қиш зийнатини фақат тоғлардагина кўришимиз мумкин.

Омонқўтон қишлоғи Ургут тоғлари орасидаги Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтиқорача” довонида жойлашган. Ҳудуднинг сўлим табиати, соф ҳавоси ўзига хос бўлиб, айни қиш фаслида ҳам мафтункор ва доим одамлар билан гавжум. Айниқса, дам олиш кунлари ишдан чалғиш, оила ва дўстлар даврасида ҳордиқ чиқариш учун тоққа чиқадиганлар кўп.

Аммо қир-адирликлардан иборат ушбу ҳудудда қишда дам олиш учун шароит йўқ, хавфсизлик чоралари кўрилмаган, ҳатто ён-атрофга бирорта тақиқланган белги ўрнатилмаган. Шундай бўлса-да, одамлар нафақат ўзи, балки фарзандларининг ҳаётини ҳам хавфга қўйиб, тоққа чиқяпти. “Тахтиқорача” довонида бунга гувоҳ бўлдик.

Қарши шаҳрида яшаймиз, дам олиш кунидан фойдаланиб, оиламиз билан “Тахтиқорача” довонига келдик, - дейди Гулчеҳра Қулмуродова. – Бу йил шаҳарда деярли қор ёғмади. Фарзандларим қорга олиб боринг, тоғга чиқайлик, деб қўйишмади. Тўғри, бу ерда қиш кунлари дам олишга шароит йўқ, лекин болалар учун бунга мажбурмиз. Тошкентдаги “Чимён”, “Амирсой” ҳам худди шундай жойлар, лекин у ерда барча шароитлар яратилган.

“Тахтиқорача” довони Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ўрталиғида жойлашган ва иккала вилоят аҳолисининг келиши учун қулай жой. Қолаверса, бу ерга хорижлик сайёҳлар ҳам кўп келади. Агар қишда ҳам ҳудудда дам олиш учун зарур шароитлар яратилса, нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар оқими ҳам кўпаярди.

Омонқўтон қишлоғида яшовчи аксарият одамлар ўзларининг яшаш уйлари ва белгиланган ҳудудларда дам олиш учун махсус жойлар ташкил қилган. Бу ерларда асосан баҳор ва ёз ойлари, очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариш, шу ернинг ўзида овқат тайёрлаб, таом буюртма бериш мумкин. Бироқ айни пайтда тоққа дам олиш учун келганларнинг аксарияти ўз билганича ҳордиқ чиқаряпти. Масалан, еб-ичардан қолган чиқитлар, тоғ қаърига улоқтирилган идишлар, дарахт шохларининг кесилиш ҳолатлари тоғнинг хушманзара табиатига зиён келтиряпти. Бунинг устига, ушбу ҳудудда биронта масъулнинг йўқлиги, бор бўлса-да, ўзини кўрмасликка олаётгани дилни хира қилди.

Албатта, табиат қўйнида дам олишни билишмайди, деб айбни фақат одамларга ағдариш хато бўлади. Чунки довонда қишда дам олиш учун на шароит, на бир меъёр бор. Қаршилик опа айтганидек, одамлар ўз эҳтиёжини қондиришга “мажбур” бўлмоқда. “Чимён” ва “Амирсой”даги шароит “Тахтиқорача”да ҳам яратилмас экан, табиат инъом этган манзараларга зиён етаверади. Табиат эса бизни “кечирмайди”.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.