Чиптачиларнинг чорловлари қачон барҳам топади?

«Zarafshon» газетасининг 2025 йил 12 июлдаги 79 (24.105)-сонида Фазлиддин Рўзибоевнинг «Жамоат транспортида хизмат сифати қандай яхшиланади?» сарлавҳаси остида вилоят Матбуот уйида жамоат транспорти бошқарув идораларининг давра суҳбати бўлиб ўтганлиги ҳақидаги ахборотини ўқиб чиққач, менда бу масала юзасидан фикр билдириш нияти туғилди.

Тўғри, Самарқанд шаҳри ва вилоят марказини туманлар билан боғловчи жамоат транспорти парки кейинги пайтда анча янгиланди. Шаҳримиздаги қатор йўналишларда «YUTONG» русумли электробуслар хизмат қила бошлади. Икки йўналишдаги трамвай транспорти ҳам аҳолнинг узоғини яқин қилиб келмоқда. Бу яхши, албатта.

Лекин йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти даражаси ўзгармаяпти. Автобуслар ҳайдовчиларининг хизмат бурчини адо этиш жараёнида сигарета чекишлари, қулоқчин тақиб олиб, уяли телефон орқали тинмасдан кимлар биландир гаплашишлари, ҳаттоки бир йўналишдаги бошқа автобус ҳайдовчиси билан сўкишишлари учраб турибди. Аксарият ҳолатда электробус ҳайдовчилари ҳаво совуткичларини ёқмайди. Амалдаги меъёрларга кўра, агар жамоат транспорти воситасининг ичкарисидаги ҳаво ҳарорати +26С бўлса, кондиционер ёқилиши шарт.

Аҳолини энг безовта қилаётган ҳолат – бу автобуслардаги ёлланма чиптачиларнинг ҳар бир бекатда овозининг борича «Биринчи ҳаммом, иккинчи роддом» қабилидаги бақириқ-чақириқ оҳангидаги чорловлари. Тўғри, бир пайтлар шаҳримиздаги автобус парки эскириб, жамоат транспортида ўрнатилган йўналишлар бўйича йўловчи хизмати кўрсатиш тўхтаб қолган эди. Автобусларнинг ҳаракатланиши 2009 йил 1 апрель кунидан тикланган пайтда йўналишлар янгича жадвалда белгиланди. Шу пайтлари йўловчилар учун бекатлардаги бундай ахборот-маълумот керак бўлгандир. Аммо орадан 16 йил вақт ўтгач, йўловчилар ўз йўналишларини билиб олган бўлишига қарамасдан, шаҳримиздаги 27, 52, 66, 64, 73, 74- ва бошқа йўналишлардаги автобус чорловчилари ҳамон фаолият юритиб келмоқда. Улар автобуслар бекатга келиб тўхташи билан тушиб олиб, овозларининг борича ўз йўналишидаги автобусга йўловчиларни таклиф қила бошлайди. Устига-устак уларнинг кийиниши ҳаминқадар бўлиб, кўпчилиги калта шим шаклидаги (аслида оилавий) «шорт»да, кирланиб кетган устки кийимда, соч-соқол олинмаган ҳолатда.

Уларнинг бақир-чақириғидан бекатда турган нуроний отахону онахонларнинг асаблари таранглашмоқда. Ачинарлиси шундаки, биз бекатда бўлиб турган чет эллик сайёҳлар ва меҳмонлар олдида уяляпмиз. Чунки уларда юртимиздаги жамоат транспорти томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида салбий тасаввур қолмоқда.

Ушбу масаланинг иқтисодий томони ҳам бор. Маълум бўлишича, автобус ҳайдовчиси ўша норасмий чиптачисига ҳар куни берадиган 80-100 минг сўм транспорт ташкилотига кирим қилинса, қанча маблағ тўпланади, давлат бюджетига қанча солиқ тўлови келиб тушади.

Самарқанд шаҳридаги йўналишли автобуслардаги норасмий чиптачилардан воз кечиш керак. Бунинг учун тўласинча асос бор. Зеро, фуқароларимиз онгли, қонун-қоидаларга оғишмай итоат қиладилар ва улар жамоат транспортида ҳеч қачон йўл ҳақини тўламасдан юрмайди. Шахсан мен бутун ҳаётим давомида Самарқанд шаҳридаги жамоат транспортида ҳаракатланиб, йўл ҳақини тўламаган йўловчини учратганим йўқ. Шундай экан, норасмий чиптачиларни ишга ёллашга ҳам зарурат қолмаган.

Соҳага оид яна бир муаммо бор. Бу – бекатлар масаласи. Аксарият автобус бекатлари ойнаванд бўлиб, ўтирғичлар (4-5 кишилик) металдан ясалганлиги сабабли уларда ёзда иссиқдан исиб кетиши туфайли, қишда совиб кетиши оқибатида ўтириб бўлмайди. Қўл юкларини илиб қўйиш учун мосламалар мавжуд эмас.

Тегишли мутасаддилар ушбу муаммоларга эътибор қаратадилар, деб умид қиламиз.

Йўлдош СУЮНОВ,

меҳнат фахрийси.