Чўнтакка қулай, ҳам ҳаёт учун хавфсиз бу имкониятдан ким фойдаланяпти?

Юзлаб юртдошларимиз ишлаб даромад топиш мақсадида хориж давлатларига отланмоқда. Аммо кўзлаган манзилларига етиб олишлари учун чипта топишнинг ўзи муаммо. Топилганларининг ҳам нархи осмонда. Аксарият кишилар борадиган жойларига хавфсиз етиб олишлари учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят филиали хизматларидан фойдаланмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқишда хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг ҳудудий филиаллари ҳузурида ихтисослаштирилган кассалар ташкил этилган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой кўчасидаги ихтисослаштирилган касса орқали кунига 100-130 нафар самарқандликларга имтиёзли темир йўл ва авиа чипталари сотилмоқда.

Ихтисослаштирилган касса олдида ҳар куни тумонат одам. Ҳар куни юздан зиёд меҳнат мигрантлари 20 фоизлик чегирма билан чипта олиш учун кассада навбат кутиб турибди. Айримлар хорижга кетишни истовчилар кўплиги туфайли чипта олиш учун икки кунлаб кутишга мажбур бўлмоқда. Мурожаат этувчиларнинг 90 фоизи авиачипта олиш ниятида.  

- Жума куни келиб навбатда турдим, одам кўплиги учун олишга улгурмагандим, - дейди Ургут туманининг Ғўс қишлоғидан келган Азиз Хўжақулов. – Касса шанба куни ишламаганлиги сабабли душанба куни яна келдим. Тушгача туриб ниҳоят самолётга авиачипта олишга муваффақ бўлдим.

Ихтисослаштирилган касса «Ўзбекистон темир йўллари» Самарқанд филиали чиптахона биносида ижара асосида фаолият юритмоқда. Маълум бўлишича, касса шанба ва якшанба кунлари ишламаганлиги сабабли ҳафтанинг душанба, сешанба кунлари навбатда турганлар кўпайиб кетар экан.

- Мигрантларга қулайлик яратиш мақсадида чипта сотиш учун биттадан авиа ва темир йўл кассаси ажратилган, -  дейди чиптахона иш юритувчиси Шамсиддин Бердиев. – Аммо, навбатда турганларнинг барчаси меҳнат мигрантлари бўлиб, битта чиптачи ҳаммага хизмат қилишга улгурмайди. Чунки ҳар бир фуқаронинг ҳужжатларини текшириб, уларнинг борадиган манзилига самолёт бор ёки йўқлигини аниқлаш учун камида 5-8 дақиқа вақт кетади. Аммо, касса олдида юзлаб одам навбатда турибди.   

- Санкт-Петербург шаҳрига қурилишда ишлаш учун кетмоқчиман, - дейди Нуробод тумани Ўртабўз маҳалласида яшовчи Нормурод Омонов. – Бу ерга келишдан олдин туман аҳоли бандлигига кўмаклашувчи марказ ходимларининг суҳбатидан ўтдим. Улар менга чипталарни имтиёзли йўлланма орқали сотиб олишимни тавсия қилишди.

Йил бошидан буён мазкур ихтисослаштирилган касса хизматидан вилоятимиз бўйича 4774 нафар фуқаро фойдаланди. Уларнинг 3125 нафарига авиа ва 504 нафарига темирйўл чипталари сотилган. Сотилган чипталарга 20 фоизлик чегирмадан ташқари “Алоқа банк” АТБ томонидан ҳар бир чиптага 300 минг сўмдан, жами 1 088 700 000 сўм миқдорида чипта ҳаражатлари қоплаб берилди.

- Агентлигимиз орқали хорижга кетишни истовчилар жуда кўп, - дейди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вилоят филиали директори Абдуазиз Ҳафизов. – Давлатимиз томонидан яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Саратов каби шаҳарларига, шунингдек, Қозоғистонга бориб ишлашни хоҳлашмоқда. Улар орасида узоқ туманлардан келганлар ҳам бор. Аммо, тартиб-интизомга, навбатга амал қилинса бунга эришиш мумкин. Бугун чипта ололмадими, эртага келиб буни амалга оширса бўлади.

Хорижга кетувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида шаҳар ва туманлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари қошида секторлар ташкил этганмиз. У ерда фуқароларни маълумотлар базасига рўйхатга олиш билан бирга тушунтириш ишлари ҳам олиб боришади. Рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти йўлланма орқали 20 фоиз чегирма билан темир йўл ҳамда авиачипталарни сотиб олади. Шунингдек, уларга бир йилда бир маротаба “Алоқа банк”нинг вилоят бўлими томонидан чипта ҳаражатларини қоплаш учун “Viza migrant” картаси ҳам жорий қилиниб, 300 минг сўм миқдорида беғараз ёрдам кўрсатиляпти.

Шунингдек, ихтисослаштирилган кассада суғурта агентлиги вакили фуқаролар жўнаб кетганидан 30 кун ичида бўлган давр учун уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилади.

Бугунги кунда вилоятда мигрантлар учун фақат битта касса хизмат қилмоқда. Бу эса чипта олувчилар ўртасида баъзи норозиликларга сабаб бўлаяпти. Хўш, бу каби норозиликларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Куни билан тик оёқда ўз навбатини кутаётган мигрантларга яна қандай шароит яратиш мумкин? Бу ҳақда мутасаддилар ўйлаб кўришса яхши бўларди.

Чунки фуқароларимиз учун кўрсатилаётган барча хизматлар вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хориждаги манзилига қадар хавфсиз етиб олиши йўл-транспорт ходисаларини олдини олишга қаратилганлигини унутмаслигимиз керак. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.