Чўянчида қилинаётган ишлар аҳоли оғирини енгил қиладими?
Жойлардаги оғир ҳудуд деб белгиланган аҳоли манзилларида давлатимиз раҳбари топшириғига асосан «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонлари жорий этилган. Айни пайтда Каттақўрғон туманидаги Чўянчи маҳалласида ушбу тизим асосида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар қилиняпти.
4,2 минг нафардан зиёд аҳоли яшайдиган ушбу маҳалладаги ишлар 859 та аҳоли хонадонини хатловдан ўтказишдан бошланди. Ҳудуддаги электр, газ, сув таъминоти, йўллар ва ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ўрганилиб, йўл харитаси ишлаб чиқилди ва ҳар бир масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
- Дастлаб маҳалламиздаги “Кўктош”, “Қизбуви”, “Чашма” ва “Хўжатурк ота” қабристонлари ободонлаштирилди, - дейди Чўянчи маҳалласи раиси Дилшод Саидмуродов. – Маҳалладаги 9 километр ички йўллар шағаллаштирилди. "Пайшанба-Тарнов-Чўянчи" йўлининг 6 километр қисмига асфальт ётқизилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 4600 метр тармоқ тортилиб, Турсунхўжа қишлоғига битта янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, 4 дона трансформатор мукаммал таъмирланди, 77 дона темир бетон устун қўйилди.
Газ таъминоти ташкилоти томонидан 4630 метр ҳар хил диаметрли газ қувурлари текисланди. Юқори босимли газ тақсимлаш қутилари техник кўрикдан ўтказилди ва 15 дона ўрта босимли газ тақсимлаш қутилари таъмирланди.
Сув таъминоти ташкилоти томонидан битта артезиан қудуғи тозаланди, 1 дона сув насоси ўрнатилиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди. 1 дона сув минорасида таъмирлаш ишлари якунланиб, 2 километр сув тармоғи тортилди. "Ўзтелеком" ташкилоти 8,5 километр оптик алоқа кабели тортди ва ҳозирда зарур қурилмалар ўрнатилмоқда.
“Обод хонадон” мезони бўйича маҳалладаги 321 та таъмирталаб уй-жойлар хонадон эгалари ва ҳомийлар кўмагида таъмирланмоқда. Хусусан, 283 та хонадон эгалари ва қизил тоифадаги 10 та хонадон ҳомийлар ёрдамида замонавий кўринишга келтирилди.
Маҳаллада аҳоли бандлиги ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида 45 нафар ишсиз фуқаронинг барчаси иш билан таъминланган. Шундан 14 нафарига касб-ҳунарга ўқитиш, асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун 137 миллион сўм маблағ ажратилган.
- Туманимиздаги 69 та маҳаллада 71 та хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари очилди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Сайёра Жумаева. - Чўянчи маҳалласида ҳам ана шундай марказ фаолият бошлаганига бир ой бўлди. “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари асосида марказда 25 нафар ишсиз ва "дафтар"даги аёллар тикувчиликни ўрганмоқда ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаганлари ҳам бор. Уларнинг бандлигини таъминлаш учун 10 дона тикув машинаси берилди ва 1 нафарига сартарошлик асбоб-ускуналари топширилиб, 12 нафари касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
- Ишсиз эдим, маҳалламизда очилган тикувчилик цехида чеварликни ўргангандим, - дейди Чўянчи маҳалласида яшовчи Олия Ҳайдарова. – Лекин тадбиркорлик фолиятимни бошлаш учун тикув машинаси ва зарур жиҳозлар йўқ эди. Маҳалламиздаги хотин-қизлар фаоли кўмаги билан “Аёллар дафтари”га киритилдим ва замонавий тикув машинаси, керакли анжомлар олиб берилди. Энди болалар кийимлари ва пардалар тикишни йўлга қўйиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошламоқчиман.
Маҳаллада тиббий кўрик ҳам ташкил этилмоқда. Жумладан, ҳозиргача туман ва вилоят тиббиёт муассасалари малакали мутахассислари томонидан 477 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган беморларнинг амбулатор шароитда ёки шифохонада даволанишлари учун 244 кишига зарур тавсия ва тиббий муассасаларга йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари, маҳаллада уч авлод учрашувлари, “Бир нуронийга ўн нафар ёш” тадбирлари, “Зукко китобхон” танлови, “Заковат”, “Мунозара” интеллектуал ўйинлари ҳамда спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.