“Cobalt” ўрнига янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади

Жорий йил Ўзбекистон ички бозорига бир қатор янги русумдаги автомобиллар кириб келади. Чунончи, сўнгги йилларда анча харидоргир машинага айланган “Cobalt” русумли автомобиллар ўрнига янги модель ишлаб чиқарилиши ва шу йил охиригача тақдим қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ эндиликда расман “UzAuto Motors” деб юритилаётган завод томонидан янги Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Equinox ҳамда Chevrolet Traverse русумидаги автомобилларнинг ишлаб чиқарилиши ва жорий йилдан сотувда пайдо бўлиши ҳақида хабар қилинганди.

1996 йилдан иш фаолиятини бошлаган ушбу заводда (у турли йилларда Uz-Daewoo Auto, GM Uzbekistan деб юритилган) шу кунга қадар жами 3 млн 155 мингдан ортиқ машина ишлаб чиқарилган. Ўзбек автомобилсозлик саноати маҳсулотлари орасида энг харидоргири ҳамда кўп ишлаб чиқарилгани – бу “Nexia-1” ва “Nexia-2” русумидаги автомобиллар бўлиб, Асакадаги заводда бундай автомобиллардан 1 060 715 донаси йиғилган.

Бугунги кунда ҳам “Nexia” русумидаги автомобилларга талаб юқори. Шу сабабли ишлаб чиқарилиши бошланганига кўп бўлмаса-да, “Nexia-3” русумидаги автомобиллардан шу кунгача 107 058 донаси ўз эгалари қўлига етиб борган.

Дарвоқе, йиллик қуввати 300 000 донани ташкил этадиган “UzAuto Motors” заводида жорий йил охиригача 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Ўтган йили бу кўрсаткич 220 667 донани ташкил қилганди. Бироқ, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда завод жамоаси бу йилги ишлаб чиқариш ҳажмини 270 минг донага етказиш имкониятига эга. Бу ҳақда ОАВ ходимлари билан ўтказилган матбуот анжуманида “UzAuto Motors” АЖ бош директори в.в.б. Рустам Ражабов айтиб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА.